Ангренга янги ҳоким тайинланди

15:33 23 Май 2022 Жамият
420 0

Фото: Халқ сўзи

Жорий йилнинг 11 май куни Ангрен шаҳар ҳокими вазифасида ишлаб келган Нуриддин Абдураҳимов бетоблиги туфайли вафот этгани ҳақида хабар берган эдик.

Бугун Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев халқ депутатлари Ангрен шаҳар Кенгашининг 24-сессиясида иштирок этиб, депутатлар ва шаҳар секторлари раҳбарлари ҳамда фаоллар иштирокида Ангренга янги раҳбар тайинлаш масаласини кўриб чиқди.

Сессиядаги ташкилий масала муҳокамаси якунига кўра, бугунгача «Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамиятининг «Табиий газни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими лойиҳасини жорий этиш дирекцияси» филиали директори лавозимида ишлаб келаётган Алишер Райимов Абдумаликович Ангрен шаҳри ҳокими вазифасига тавсия этилди. У Тошкент давлат техника университетини тамомлаган, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида таҳсил олган. Қатор йиллар Тошкент вилояти газ таъминоти тизимига раҳбарлик қилган Алишер Райимов уддабурон, ташаббускор, қатъиятли ходим сифатида танилган. Вилоятнинг тоғ ва тоғолди ҳудудлари аҳолисининг газ таъминотидаги муаммоларини тезкор ҳал этишда фаоллик кўрсатган.

Сессияда таъкидланганидек, салоҳиятли саноат ҳудуди саналган Ангрен шаҳрида ҳал этиш лозим бўлган ижтимоий-иқтисодий муаммолар талайгина. Замонавий шаҳарсозлик архитектурасини барпо этиш жараёни суст кетаётир. Соҳалар кесими таҳлил қилинганида, масъул раҳбарларнинг хато ва камчиликлари тез-тез такрорланмоқда. Шулардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Ангрен шаҳрининг янги ҳокими зиммасига ўта масъулиятли вазифалар юкланади.

Шодиёр МУТАҲАРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер