Андижонлик пахтакорлар зафар маррасини забт этдилар

10:52 17 Октябр 2019 Жамият
2114 0

“ХАЛҚ СЎЗИ ONLINE”. Саминжон Ҳусанов/Андижон. Қишлоқ хўжалигида, хусусан, пахтачиликда ўзига хос тажриба мактаби яратган андижонлик пахтакорлар 10 ойлик тинимсиз меҳнатлари самараси ўлароқ, давлат қабул пунктларига 240 минг 800 тоннадан ортиқ пахта хом-ашёси етказиб берди ва белгиланган шартномавий режани бажардилар. 

Пахтачиликда  янги ислоҳотлардан бўлган пахта-тўқимачилик ишлаб чиқарувчи кластер тизими вилоятда ҳам жорий этилди. Хусусан, ўтган 2018 йилда вилоятнинг 2 та туманида шундай тизим асосида иш ташкил қилинган бўлса, жорий йилда бу кўрсатки 9 тага етди.   79,4 минг гектар майдонга чигит қадаб, агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга оширган 2 минг 406 та фермер хўжалиги пахта тозалаш корхоналари ва пахта-тўқимачилик кластер корхоналари билан шартнома тузиб, ушбу шартнома асосида ғўза парваришини амалга оширдилар. Натижада пахтакорга яратилган шароит яхшиланиб, ҳосилдорлик кўлами ортди.

 Масалан, Қўрғонтепа туманидаги “Хантекс” МЧЖ пахта-тўқимачилик ишлаб чиқарувчи кластер корхонасини олайлик.Чигит экишдан тортиб, пахта ҳосили йиғиб-териб олингунга қадар бўлган даврда тумандаги  8 минг 136 гектар пахта майдонларида амалга ошириладиган агротехник тадбирлар кластер корхонаси томонидан  назорат қилиб борилди. Ўз вақтида агротехник тадбирларни амалга ошириш, зараркунандаларга қарши курашиш,  ғўза қатор ораларига ишлов бериш учун замонавий техник воситалар таъминланди. Ҳатто хом ашёни йиғиб олиш учун хориждан 17 та замонавий ва юқори унумли пахта териш машинаси сотиб олинди. Етиштирилган ҳосилни қайта ишловчи пахта тозалаш корхонаси, ишлаб чиқарилган техник ёғ-экстракция  ишлаб чиқарувчи завод, олинган толадан тайёр маҳсулот олувчи тўқимачилик корхоналари ишга туширилди. Корхона томонидан амалга оширилган кенг кўламли ишлар натижасида туманда етиштирилган пахта ҳосилини тўлиқ тайёр маҳсулотга айлантирувчи ишлаб чиқариш тизими барпо этилди. 

“Бугун - улкан меҳнат ғалабасига эришилган кунда илғорлар ҳақида тўхталмасликнинг иложи йўқ, албатта,-дейди вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов вилоят пахтакорларига йўллаган табрик матнида. - Вилоятнинг улкан пахта хирмонини бунёд этишда Пахтаобод, Булоқбоши, Қўрғонтепа, Жалақудуқ, Олтинкўл, Избоскан, Улуғнор ва Марҳамат туманлари меҳнаткашларининг хизматларини алоҳида таъкидлаб ўтмоқ керак. Ушбу туманлар бугунги кунга қадар белгиланган шартномавий режасини шараф билан адо этишда бошқа туманларга ибрат намунасини кўрсатдилар.  Жалақудуқ туманидаги “Муҳаммаджон Ҳусниддин даласи” фермер хўжалиги пахтакорлари жорий йилда 15,6 гектар пахта майдонларининг ҳар гектаридан ўртача 52,5 центнердан ҳосилдорликка эришиб, давлатга жами 82 тонна пахта топширдилар, шартномавий режа 174 фоизга бажарилди. Худди шундай, Қўрғонтепа туманидаги “Қорасув Агро Глобал”, Пахтаобод туманидаги “Сарвиноз Парвоз”, Олтинкўл туманидаги “Машъал эркин парвози”, Избоскан туманидаги “Избоскан шоналари” фермер хўжаликларида ҳам ҳар гектар ердан олинган ҳосилдорлик 40 центнердан юқори бўлди, биринчи терим якунланмасданоқ шартнома бажарилди. Бугунги кунга келиб улар шартномавий режани 130 фоиздан 160 фоизгача етказишга эришдилар”.

Айни дамда вилоятнинг қай бир ҳудудига разм солманг, катта тўю тантанага гувоҳ бўласиз. Истагимиз, мана шу хурсандчилик бардавом бўлсин! Ҳар бир кунимиз хушхабарларга бой ўтсин! Зафарингиз муборак бўлсин, андижонлик пахтакорлар!

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?