Андижондаги мактаблардан бири биносиз қолди. Бу масалани зудлик билан ҳал этиш чоралари кўрилмоқда

08:36 26 Март 2021 Жамият
693 0

Олий Мажлис Сенатининг фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Иминов ҳудудларда бўлиб, фуқароларга яратилган шароитлар билан танишмоқда. Сайловчиларни қийнаб келаётган муаммоларни имкон қадар жойида ҳал этиш, назоратга олиш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, Андижон туманидаги мавжуд тиббиёт масканлари ва ўқув юртларида олиб борилган назорат давомида айрим камчиликлар бартараф этилиб, ижобий натижаларга эришилди. Муаммосига ечим топган сайловчилар эса сенатордан миннатдор.

— Давлатимиз раҳбарининг «Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорини ўқигач, фарзанд асраб олишга қарор қилдим, — дейди туманнинг Мустақиллик кўчасида истиқомат қилувчи Раънохон Қодирова. —Натижада Андижон шаҳридаги «Болалар шаҳарчаси»да истиқомат қилаётган 5 нафар ўғил-қизларни қарамоғимга олдим. Амалдаги тартибларга биноан тутинган она сифатида менга нафақа тайинланиши керак эди. Афсуски, кейинги пайтларда бу масала ечимини топмай келди. Бу ўз ўрнида болаларни кийинтириш, ўқув қуроллари билан таъминлашда муаммоларни юзага келтира бошлади. Қўмита раиси хонадонимизда бўлиб, вазият билан танишгач, шу жойнинг ўзида амалий ёрдам беришга киришди. Оиламиздаги бахти бекамлик таъминланганидан бахтиёрмиз!

Қўмита раиси масаланинг ижобий ечимидан кўнгли тўлгани билан муаммо шу билан ҳал этилмаслигини ҳам унутгани йўқ. Шу боис ҳар бир масала сенаторлар томонидан назоратга олинишини маълум қилди.

Республикамизда ҳар бир соҳага бўлган эътибор кун сайин ортаётган бир пайтда туманнинг «Орол» қишлоғида жойлашган 52-умумий ўрта таълим мактаби биносиз қолганлиги кишини ажаблантиради.

— Мазкур мактаб собиқ «Орол» педагогика касб-ҳунар коллежига кўчирилган эди, — дейди Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси аъзоси Матлубахон Ғаниева. —Ҳозирда мазкур коллеж фаолияти қайта тикланди. Мактаб педагогик жамоасининг бу борадаги мурожаати қўмита раиси томонидан ўрганиб чиқилди ва бу масала зудлик билан ҳал этилиши чоралари кўрилмоқда.

Бу каби учрашувлар ҳудудларда йиғилиб қолган масалаларни ҳал этибгина қолмасдан, юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг ҳам олдини олишга хизмат қилмоқда.

Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?