Андижонда ярим асрлик сада дарахтига табиат ёдгорлиги мақоми берилди

15:52 13 Июнь 2024 Жамият
101 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Андижон туманидаги Дўнг қишлоғида ҳамманинг эътиборини тортган сада дарахти бор. Унинг машҳурлиги ҳажмининг катталигида бўлиб, тана айланаси 2, шохларининг узунлиги 27, бўйи 20 метрни ташкил этади.

— Бу дарахт бутун юртимизга машҳур, — дейди шу маҳаллада яшовчи Салоҳиддин Йўлдошев. — Уни кўриш учун Фарғона, Наманган, Сурхондарё, Сирдарё вилоятларидан, ҳатто қўшни Қирғизистондан ҳам меҳмонлар келишади. Унинг табиий кўриниши гўзал. Ёмғир ёққанда остига бир томчи ҳам сув тушмайди.

Бу дарахт кўчатини 55 йил муқаддам Салоҳиддин аканинг отаси Қосимжон ота Йўлдошев асраб қолиш мақсадида ҳовлисининг кириш жойида эккан. Фарзандлар бир неча бор дарахтни қўпориб ташлашни таклиф этишган.

— Мана, орадан 55 йил ўтиб, юзлаб меҳмонлар отамга раҳмат айтмоқда, — дейди Салоҳиддин ака. — Бир куни шу дарахтни кўриш учун келиб-кетувчиларни ҳисобини олдим. Ишонмайсиз, ўша куни 530 нафар ҳамюртлар келиб, уни томоша қилди. Шунга дарахт остида дам олиш учун жой ҳозирлаб, салқин ичимликлар ичиш учун шароит қилмоқчиман. Энг муҳими, бу имкониятдан меҳмонлар бепул фойдаланади.

Айни пайтда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг Андижон вилояти бошқармаси томонидан дарахтга табиат ёдгорлиги мақоми берилди. Ҳозирда масъуллар томонидан уни муҳофаза қилиш, агротехник тадбирларни қўллаш ишлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер