Андижонда республикада ягона бўлган «Ҳоким академияси» иш бошлади

09:40 16 Сентябр 2022 Жамият
5103 0

Фото: Халқ сўзи

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ташаббуси билан мамлакатимизда ягона бўлган «Ҳоким академияси» ўз фаолиятини бошлади. Дастлаб академия ҳақида. Хўш, у қандай таълим маскани? Унинг бошқа билим юртларидан қандай фарқи ва афзалликлари бор?

— Бу онлайн таълим платформаси бўлиб, у янги ғояларни, янгича инновацион таълимни рақамлаштирилган замонавий ва миллий педагогик технологиялар умумлашмаси билан ўргатишга ихтисослашган, — дейди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи Зиёдулло Саматов. — Мазкур академияда ўқув жараёнлари онлайн тарзда амалга оширилади ва хоҳлаган фуқаролар ундан фойдаланишлари мумкин. Бунинг учун замонавий, компьютерлашган, энг сўнгги инновацион технологиялар, жаҳон талаблари андозасидаги жиҳозлар билан таъминланган студия ташкил этилди. У орқали фойдаланувчилар ўзлари истаган йўналишларда етук мутахассислар, салоҳиятли ва тажрибали педагоглар, хорижий фанлар ўқитувчиларидан билим олиш имконига эгалар.

Академияга шу кунгача 20 минг 279 нафар фойдаланувчилар рўйхатдан ўтганлиги ушбу платформанинг нечоғли аҳамиятли эканлигидан далолатдир.

Андижон шаҳрида ушбу платформанинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда сўз олган вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов бугунги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маданий соҳалардаги тезкор ўзгаришлар таълим тизимини ҳам тубдан ислоҳ қилишни тақозо этаётганлиги, мазкур мукаммал онлайн таълим платформаси бу борада муҳим аҳамият касб этиши ҳақида фикр билдирди.

«Ҳоким академияси» ўз фаолиятини бошлади ва ундан фойдаланиш мутлақо бепул.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер