Андижонда йилнинг ўтган даврида ердан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ 3 мингга яқин ҳолат аниқланди

15:09 14 Июль 2022 Жамият
464 0

Фото: Халқ сўзи

Ерга эгалик қилиш ва ундан тўғри фойдаланишнинг қонуний асослари мавжуд бўлсада, амалиётда бунинг акси бўлган ҳолатлар ҳамон учраб турибди.

— Ҳудудларда ўтказилаётган ўрганишлар жараёнида ердан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари кўплаб учраётгани бор гап, — дейди Кадастр агентлиги Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ботиржон Мирзааҳмедов. — Мисол учун, Шаҳрихон туманида истиқомат қилувчи Жасурбек Ибрагимовни олайлик. У ўзига тегишли бўлмаган ер участкаларида ноқонуний тарзда қурилиш ишлари билан шуғулланиб, амалдаги тартибларга зид хатти-ҳаракатни содир этган. Натижада унга нисбатан 40 млн. 500 минг сўм жарима қўлланилди. Балиқчи туманида яшовчи Абдуғаффор Саматов эса ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган ва ундан қонунга зид равишда фойдаланиб келган. Жалақудуқ туманилик Элёрбек Темиров кўчмас мулкка нисбатан эгалик ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказмаган. Унинг бу хатоси тегишли миқдордаги маъмурий жарима қўлланилишига сабаб бўлди. Афсуски, бу каби мисолларни яна давом эттириш мумкин. Шунга кўра бошқармамиз ходимлари ҳамкор идоралар билан биргаликда аҳоли ўртасида айни мавзуда тушунтириш ишларини олиб бормоқдалар. Зеро, мақсадимиз жарима ундириш эмас, балки фуқароларда ерга нисбатан ҳуқуқий билим ва маданиятни шакллантиришдан иборат.

Жорий йилнинг ўтган даврида бошқарма инспекторлари томонидан жами 2 минг 614 та ҳолатда маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, 4 млрд. 35 млн. сўм миқдоридаги маъмурий жарималар қўлланилди. Ушбу рақамларнинг ўзиёқ бу борада жойларда амалга оширилиши лозим бўлган ҳуқуқий тарғибот ишларини янада жонлантириш заруратини кўрсатади.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер