Андижон вилоятида «Обод қишлоқ» дастури доирасида етмишдан ошиқ маҳаллалар манзараси ўзгарди

21:41 18 Февраль 2022 Жамият
630 0

Фото: Халқ сўзи

Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш саъй-ҳаракатларининг амалий ижросида «Обод қишлоқ» давлат дастурининг аҳамияти катта бўлмоқда. Биргина Андижон вилоятининг ўзида дастур 72 та маҳаллада ободонлаштириш, аҳоли бандлиги таъминлаш ишлари билан бир қаторда табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви, йўл, таълим ва тиббиёт соҳасида тўпланиб қолган муаммоларга ечим топилмоқда. Андижон туманидаги «Садда таги» маҳалласида ҳам айни йўналишдаги ишлар авж паллада.

— Ҳар йили куз келди дегунча, хавотиримиз ошар эди, — дейди шу маҳаллада истиқомат қилувчи Абдураҳмон ака Сотволдиев. — Ёғингарчилик туфайли кўчаларимиз лой бўлиб, электр, газ таъминотида узилишлар юзага келарди. Сувни ҳам узоқдан ташиб келишга мажбур эдик. Ҳозир амалга оширилаётган ишлардан беҳад мамнунмиз. Маҳалламиз ҳақиқий обод манзилга айланмоқда.

Шу кунларда маҳаллада 8,4 км ички йўлларни бетонлаш, 4,7 км. тоза ичимлик суви тармоғини тортиш юмушлари бажарилмоқда. Тез орада пиёдалар йўлаклари барпо этилиб, йўлнинг икки четидаги симёғочларга тунги чироқлар ўрнатилади. Юзлаб манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экиш билан бир қаторда маиший чиқиндихона қурилиши ҳам кўзда тутилган. Бу хайрли ишлар «Садда таги»да истиқомат қилувчи 3615 нафар аҳолининг турмуш шароитини тубдан ўзгартириб, юртимиздаги обод маҳаллалар сонини яна биттага кўпайтиради.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?