Андижон шаҳрида Хитойда ишлаб чиқарилган автобуслар ҳаракати йўлга қўйилди

14:26 05 Июль 2021 Жамият
91 0

Андижон шаҳри кўчаларида Хитой давлатида ишлаб чиқарилган барча замонавий шароитларга эга бўлган “Aziastar” русумли автобуслар ҳаракатлана бошлади. 70 нафар йўловчини ташиш имконига эга бўлган ушбу транспорт воситаси видеокузатув камераси ва кондиционер билан таъминланган. Юмшоқ ўриндиқ ҳамда кенг йўлакча йўловчиларни манзилга етказиб қўйишда сифатли хизмат кўрсатишни таъминламоқда.

— Шу кунгача шаҳар ичида аҳолига пуллик хизмат кўрсатувчи “Дамас” автомашиналаридан фойдаланганман, — дейди “Измир” қандолат цехи ишчиси Дилфузахон Тешабоева. — Бунинг ўзига хос ноқулайликлари бор. Масалан, машинага чиқиб-тушиш эркин ҳаракат қилишга монелик қилади. Салон ичи тор бўлгани боис қисилиб ўтиришга мажбур эдик. Йўналишларда автобуслар ҳаракати жорий этилиши шу каби муаммоларни бартараф этди. Энг муҳими, “Дамас”ларда йўл кира ҳаққи 3 минг сўм, автобусда минг сўмдан иборат. Демак, ҳар куни 4 минг сўм пулни иқтисод қилиш имконига эга бўлдим.

 “Алпомиш мероси” МЧЖ таъсисчиси Акмалжон Нурматовнинг маълум қилишича, тез кунларда бу каби автобуслардан яна 120 таси олиб келинади. Шу орқали вилоят марказида аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш сифати бир мунча ортиши кўзда тутилган.

Саминжон ҲУСАНОВ,

“Халқ сўзи”

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?