Амир Темур ва Ибн Халдун суҳбати. Ёхуд тарих зарварақларига олтин ҳарфлар билан битилган воқелик

09:06 08 Апрель 2021 Жамият
243 0

Шавкатли Амир Темур ва замонавий дунё фалсафасининг забардаст вакили Ибн Халдун. Бири — дунёни титратган шон ва қудрат соҳиби, иккинчиси — илму ирфони билан алломаларни ҳайратга солган буюк донишманд, Ғарб тамаддунига маёқ ёққан Шарқнинг бемисл файласуфи.

Бу икки даҳо тақдирнинг ғаройиб жилваси ила рўбарў келади. Уларнинг суҳбати тарих зарварақларига «инсоният тарихининг олтин даврини бошлаб берган воқелик» сифатида қайд қилинган.

Ибн Халдун 52 ёшида Мисрнинг Қоҳира шаҳрига келади ва умрининг охиригача шу ерда умргузаронлик қилади. Мисрда яшаган пайтида мамлуклар султони Барқуқ ва унинг катта ўғли Фаражнинг яқин маслаҳатгўйи бўлган. Амир Темур 1400 йилда Шомга ҳарбий юриш ҳаракатида бўлган пайтда уни тўхтатиш учун султон Фараж қўшини билан бирга Мисрдан Шомга борган. Ибн Халдун «Ат-Таъриф» номли автобиографик асарида бу ҳақда батафсил маълумот берган.

Амир Темур Сивасни қўлга киритгандан сўнг мамлуклар қўл остидаги ҳудудларга йўл олади. Ҳалаб, Ҳама ва Хумусни забт этади. Навбатдаги юриш Шомга қаратилади. Амир Темур қўшинини Шомда тор-мор қилишни режалаштирган султон Фараж Ибн Халдун бошчилигидаги бир гуруҳ олимларни бошлаб Шомга боради. Бу хабар Соҳибқиронни тараддудга солади. Ибн Халдун бу воқеани ўз асарида «икки қўшин бир ой мобайнида бир-бирини узоқдан кузатиш билан чекланди», дея баён қилган. Айни пайтда Шомда кутилмаган бир воқеа юз беради. Султон Фараж бу ҳодисада Амир Темурнинг қўли борлигидан шубҳалана бошлайди. Қўшинда саросима бошланади. Айрим қўмондонлар ўз қисмини олиб, султон амрига бўйсунмай Қоҳирага қайтиб кетади. Миср тахти хавф остида қолишини ўйлаб, Фараж ҳам Қоҳирага қайтишга қарор қилади. Шу тариқа Шом Амир Темур қаршисида ҳимоясиз қолади.

Шом халқи Амир Темурдан омонлик тилаш учун Бурҳониддин қозини юборади. Буюк Турон амири қозининг сўзларини тинглаб бўлгач, ундан «Ибн Халдун Мисрга султон қўшини билан бирга кетдими ёки Шомда қолдими?» дея сўрайди. Қози Бурҳониддин бу саволдан ҳайратга тушади ва олимнинг Шомда эканлигини айтади. Соҳибқирон донишманд Халдун билан кўришишга шошилади.

Ибн Халдун «Ат-Таъриф» асарида Амир Темурнинг таклифини тунда олганлигини ва шу туфайли бир оз ҳадиксираганлигини қайд қилган. Лекин айтилган пайтда дарвоза олдида кутиб турган Шоҳмалик исмли ноиб билан бирга Соҳибқирон ҳузурига йўл олганлигини ҳам таъкидлайди.

Манбаларда қайд этилганидек, Ибн Халдун Амир Темур билан тўрт марта учрашган. Бу учрашувларнинг мазмунини ўз асарида батафсил баён қилган.

Ибн Халдун илк учрашувни қизиқарли тасвирлайди. Соҳибқирон чодирига яқинлашганда олимни қўшни чодирга олиб киришади ва ўша ерда маълум муддат кутиб ўтиради. Амир Темур ҳузурига кирганида эса уни Мағриби Моликий қози сифатида таништиришади. Соҳибқирон эса Халдун тасвирига қараганда, ёнбошлаб, чодир тўрида ўтирган эди. Олим ичкарига кириб Амир Темурнинг қўлидан ўпиб, у кўрсатган жойга ўтиради. Мулоқот таржимон Абдулжаббор бин ан-Нўмон орқали олиб борилади.

Амир Темур унинг Мағрибнинг қаеридан ва нега келганлигини сўрайди. Олим юртидан ҳаж учун чиқиб Мисрга денгиз орқали келганлиги, у ерда тахтга Барқуқнинг чиқиши муносабати билан ташкил қилинган шодиёналарга қўшилиб қолиб кетганлиги, султоннинг унга нисбатан яхши муносабатини сўзлаб беради. Амир Темур унинг оиласи, қариндош-уруғи, фарзандлари ва уларнинг қаерда эканлигини сўрайди. Кейин Шимолий Африка ҳудуди, у ердаги мамлакатлар, инсонлар ҳақида суриштиради. Танжа, Сабта, Марокаш ва Сижилмоса шаҳарлари ҳақида эринмай сўрайди. Айтилган гаплардан қониқмаган Соҳибқирон олимга топшириқ беради: «Ўша ҳудудларни шундай тасвирлаб ёзгинки, ўқиганда ўша жойларни ўз кўзим билан кўргандек бўлайин».

Халдуннинг Амир Темур билан илк учрашуви ана шундай кечади. Халдун уйига қайтиб, Шимолий Африка ҳудуди ҳақида мукаммал йўл кўрсаткич тайёрлашга киришади ва бир оз вақт ўтиб уларни илмий-жўғрофий рисола шаклида тақдим қилади.

Олим «Ат-Таъриф»да Амир Темурнинг майдонга чиқиши билан боғлиқ қизиқ бир воқеани тилга олган. Улуғ амир билан 1400 йилда учрашган бўлса, роппа-роса 40 йил олдин рўй берган бир воқеани эслайди. Ибн Халдун 1360 йилда Марокашда Қоравиййин масжидида фалакиёт илми билан шуғулланиб юрадиган бир олим билан учрашиб қолади. Суҳбатда фалакиётчи олим «Шимоли-Шарқ халқлари орасидан қудратли бир қўмондон чиқади ва катта давлатларни тиз чўктириб, дунёнинг аксарини ҳукми остига олади», деган эди. Халдун бу каби яна кўплаб ривоятлар эшитганини ва уларнинг ҳаммасида Амир Темурнинг тарих майдонига чиқиши башорат қилинганини айтади.

Ибн Халдун ўз таъбирига кўра, қўрқувдан Амир Темур билан бўладиган иккинчи суҳбатга жиддий тайёргарлик кўради. Соҳибқироннинг ғазабига мубтало бўлмаслик учун айтадиган маълумотларини ёдлайди. Сўзни у билан кўришишни 40 йилдан бери орзу қилгани ҳақидаги илтифот билан бошлайди. Таржимон Абдулжаббор бин ан-Нўмон бунинг сабабини сўраб қолгач, изоҳлашга тушиб кетади. Ибн Халдун Амир Темурнинг нега бунчалик қудратли эканлигини ўзининг машҳур руҳшунослик назарияси асосида тушунтиради.

Тарих ва тақдир ҳақидаги иккинчи суҳбат тонггача давом этади. Амир Темур бу суҳбатдан ғоят мамнун бўлади. Олимни совға-саломлар билан сийлаб, уйига кузатиб қўйишларини буюради. Тонгда эса Шомга юриш бошланади ва у забт этилади.

Ибн Халдун Амир Темур билан учинчи марта кўришиш аввалида совға-салом беришни ният қилади. Олимнинг хотира китобида бу совғалар ҳақида қуйидаги маълумотларни ўқиш мумкин эди: ниҳоятда ҳусни хат билан ёзилган Қуръони карим, Шомнинг энг уста гиламчилари тўқиган шойи жойнамоз, Муҳаммад бин Саид Бусирийнинг «Қасидат-ул бурда» номи билан машҳур бўлган 160 байтли «Кавокибуд дуррийя фи мадҳи ҳайрил барийя» номли қасиданинг хос нусхасидан ҳамда Мисрнинг машҳур ширинликларидан тўрт қути олиб боради. Халдунни хончодирда Амир Темур ўрнидан туриб кутиб олади ва унга ўнг томонидан жой кўрсатади. Ибн Халдун келтирган совғаларини бирма-бир таърифлаб тақдим қилади. Соҳибқирон Қуръони каримни кўргач, ўрнидан туради ва ўпиб, бошининг устига қўйиб ҳурмат бажо келтиради. Қасидани олгач, асар ва унинг муаллифи ҳақида саволлар бериб, мароқ билан тинглайди. Жойнамозни қўлига олиб, ўпиб ёнига қўяди. Қолган ширинликлар учун ҳам миннатдорлик билдириб, аҳли мажлисга тортиқ қилади. Шу суҳбатдан сўнг олим Амир Темурнинг ҳурмати ва ишончини тўлиқ қозонган эди. Буни олимнинг ўзи ҳам таъкидлайди.

Соҳибқирон совғаларни олиш жараёнида Халдун Шомда уста хаттотлар, ҳофизи Қуръонлар ва авлиё зотларнинг кўплигини айтади. Буюк амир «Улар нимани истайди?» деб сўраганида «Улар сизнинг ҳукмингиз остидаги ҳудудларда эмин-эркин, сизнинг ҳақингизга дуо қилиб, халқни тарбия қилишни исташади. Бунинг учун уларга муҳрли дахлсизлик хати беришингизни сўрашяпти», дейди. Амир Темур олимнинг бу истагини бажаришга буйруқ беради. Шом олимлари, дин вакиллари ва эътиборли кишиларига ана шундай дахлсизлик хати берилади.

Соҳибқирон Шомни ўз ҳукмига олгандан сўнг бу ерда кўп қолмай, бошқа юришларга ҳозирлик кўра бошлайди. Шомдан чиқиб кетиш олдидан Амир Темур Ибн Халдунга совға бериб, хурсанд қилишни истайди ва буни усталик билан амалга оширади. У олимга «Хачирингизни сотинг», дейди. «Мен бир бенаво фақир қул бўлсам, сиз шавкатли амир бўлсангиз, хачир эмас жонимиз ҳам сизга қурбон», деб жавоб беради у. Соҳибқирон олимнинг эътирозига қарамай хачирини сотиб олади.

Амир Темур сўнгги учрашувда аркони ва ўғлига Ибн Халдун каби олимлар ҳар қандай давлатнинг устунлари эканлиги, уларнинг суҳбатидан баҳраманд бўлиб туриш зарурлиги ва бундай инсонларни асраш кераклигини таъкидлайди. Ибн Халдун Амир Темурнинг олим ва элнинг олд кишиларига кўрсатадиган эҳтироми ҳақида эшитган эди, аммо бу унинг ҳаёт фалсафаси эканлигини ўз бошидан ўтказганидан кейингина тушуниб етди. Амир Темур унга ёнида қолиб қозикалонлик қилишини таклиф этади, бироқ олим Соҳибқироннинг ўзига ва араб халқига кўрсатган жўмардлиги учун миннатдорлик билдириб, юртига қайтишга ижозат сўрайди.

Шундай қилиб, Ибн Халдун Шом билан видолашиб, Мисрга йўл олади. Миср аркони ва яқинлари уни аллақачон ўлдига чиқариб бўлишган эди. Унинг шаҳарга кириб келиши ҳаммани ҳайратга солади.

Шом таслим бўлгач, мамлуклар султони Амир Темур билан сулҳ тузиш учун элчи юборади. Фақат элчи талотумлардан қўрқиб, Шомга кеч етиб боради ва Халдундан кейин Мисрга қайтади. Шу боис мисрликлар Ибн Халдуннинг тақдири ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмас эдилар. Элчи Мисрга қайтиб, Амир Темур бериб юборган катта миқдордаги маблағни султонга кўрсатади ва бу Ибн Халдун хачирининг пули эканлигини, омонатни ўз эгасига бенуқсон етказишни таъкидлаганини айтади. Султон «Дунёни сўраган жаҳонгир сиздек олим олдида қарздор бўлишни истамабди», дея олтинларни Ибн Халдунга тақдим қилади.

Ибн Халдуннинг Амир Темур билан учрашуви ва суҳбати, шубҳасиз, Шарқ ислом тарихининг энг диққатга сазовор воқеасидир. Унинг Соҳибқирон ҳақидаги объектив фикрлари ҳақида тарихчилар «орадаги самимият туфайли» деб ёзадилар.

Донишманд олим билан дунёни забт этган Соҳибқирон ўртасидаги суҳбат ва яқинлик араб дунёси учун фавқулодда катта муваффақият эди. Ибн Халдун Амир Темур билан учрашиши натижасида Мисрга беқиёс шартномалар билан қайтади. Тарих зарварақларига ёзилган бу суҳбатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини очиб бериш тадқиқотчиларни кутиб турибди. Ҳар бир даврнинг буюклардан ўрганадиган ҳикматлари бўлади. Ҳукмдор ва олимнинг суҳбатлари ҳам ана шундай барҳаёт мавзулар сирасига киради.

Сайёра ТЎЙЧИЕВА,
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти профессори,
фалсафа фанлари доктори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер