Америка Қўшма Штатларида Ўзбек тили байрами куни кенг нишонланди

23:47 23 Октябр 2022 Жамият
391 0

Фото: Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси Огайо штати университети билан ҳамкорликда «Давлат тили тўғрисида»ги Қонун қабул қилинганлигининг 33 йиллигини нишонлаш мақсадида байрам тадбирини ўтказди.

Видеоконференция тарзида ташкил этилган ушбу тадбирда Огайо штати университети тарих факультети декани Скотт Леви, ўзбек тили ўқитувчиси Камола Aзимова, Славян ва Шарқий Европа тадқиқотлари маркази директори Анжела Бринтлингер, Тошкент давлат жаҳон тиллари университети тилшунослик ва адабиётшунослик кафедраси доценти Маргарита Галиева, шунингдек бир қатор тадқиқотчи олимлар, докторантлар ва Огайо университети талабалари қатнашишди.

Тадбир очилиши маросимида Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов иштирокчиларни мамлакатимизда ўзбек тили ва маданиятини тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши тарихи билан атрофлича таништирди.

Таъкидланганидек, ўзбек тилининг ўрни ва обрўсини ошириш бўйича чора-тадбирлар изчил амалга оширилаётгани туфайли давлат тили нафақат мамлакатимизда, балки жаҳон миқёсида ўзининг муносиб ўрни ва мавқеига эга бўлиб бормоқда. Хусусан, сўнгги йилларда америкалик талабалар орасида ўзбек тилини ўрганишга қизиқиш кучайгани айнан шунинг исботидир.

Тадбир доирасида Тошкент давлат жаҳон тиллари университети Тилшунослик ва адабиётшунослик кафедраси доценти М. Галиева ўзбек тили Марказий Осиёда энг оммабоп экани, туркий тиллар орасида иккинчи энг кенг тарқалган тил бўлиб қолаётганини таъкидлади. Қолаверса, 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилаётган Ўзбекистонда давлат тили бирлаштирувчи омил бўлиб хизмат қилади, деди у. Ҳатто ўзбек тили иккинчи тил бўлганлар миллатлар ҳам давлат тилидан ўзлаштириб ундан кенг фойдаланишади деб таъкидлади олима.

Мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонасининг маълумотига кўра, ўз навбатида Огайо штати университети талабалари ва академик ҳамжамияти вакиллари замонавий ўзбек адабиёти ривожланишига катта ҳисса қўшган жадидларнинг ҳаёти ва ижоди, мамлакатимиз маданияти ва тарихи, Ўзбекистоннинг диққатга сазовор жойлари, Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарлар, ҳамда юртимизга қилган ташрифларидан олган таассуротларига бағишланган тақдимотларни ўзбек тилида тақдим қилишди.

Хусусан, иштирокчилар адиб ва давлат арбоби Абдурауф Фитратнинг «Ўғут» шеърини ўқиб бердилар. А. Фитрат ижоди ҳақиқатан ҳам серқирра эканлиги таъкидланди. Қарийб йигирма беш йил давомида у ўзбек тилини замонавийлаштириш, уни оммалаштиришга катта хизмат қўшди, илм-фаннинг турли соҳаларида фаоллик кўрсатди. Чунончи, ўқитувчи сифатида– ўзбек тилидан дарслик, «Эски мактаблар билан нима қилиш керак?» номли мақола ёзди. «Шунингдек, у маданият, иқтисод, сиёсат, дин ва бошқа соҳаларда ажойиб илмий изланишлар муаллифидир», деб таъкидлашди Огайо университети талабалари.

Шунингдек, иштирокчилар инглиз тилида ўхшаши бўлмаган, Ўзбекистон маданияти ва анъаналарини акс эттирувчи бир қатор ўзбек сўзларининг этимологиясини муҳокама қилдилар.

Тадбир якунида иштирокчилар ўзбек тили ва маданияти билан янада яқиндан танишиш, шунингдек, янги унутилмас таассуротларга эга бўлиш учун Ўзбекистонга янги сафарларини интизорлик билан кутаётганликларини қайд этишди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер