Амалий ишлар кўлами кенгаймоқда

12:15 10 Май 2021 Жамият
458 0

Ҳасан ПАЙДОЕВ - «Халқ сўзи»

Онлайн нашримизда ҳудудларда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида маълумотлар бериб келяпмиз.

Мухбирларимиз бу гал Қорақалпоғистон Республикаси Хужайли туманидаги 2-сектор фаолияти билан яқиндан танишдилар. 

Маълум бўлишича, ушбу ҳудудда хотин-қизлар, ёшлар муаммоларини яқиндан ўрганиш, уларга ҳар томонлама кўмак бериш бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда.

Мазкур секторга бириктирилган туман прокурори, адлия катта маслаҳатчиси Даулетбай Елмуратовнинг айтишича, бунда аҳолининг турли қатламлари билан тўғридан-тўғри мулоқот кенгайтириб борилаётгани, мавжуд долзарб муаммоларни аниқлаш ва уларни бевосита жойида бартараф этиш амалиёти йўлга қўйилгани муҳим аҳамият касб этмоқда.

Хусусан, 2-секторда камбағал оилаларни мазкур тоифадан чиқариш борасида амалий механизм йўлга қўйилган.

— Бунда асосий эътибор аҳолининг «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган аъзоларининг даромад манбаини яратиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни йўлга қўйишга қаратилмоқда, — дейди Д.Елмуратов. — Секторимиз  ҳудудида жами 6 та овул ва маҳалла фуқаролар йиғинида 4928 та хонадон мавжуд бўлиб, улардаги 6612 та оилада 26694 аҳоли истиқомат қилиб келмоқда. Давлатимиз раҳбарининг тегишли топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида, 30 ёшдан юқори бўлган 4701 нафар аёл анкета сўровномалари орқали хатловдан ўтказилди ва 2-сектор ҳудудидаги 326 нафар хотин-қиз «Аёллар дафтари»га киритилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда ишсиз аёлларни белгиланган тоифаларга ажратган ҳолда улар билан манзилли ишлаш йўлга қўйилди.

Эътиборлиси, сектор раҳбари ташаббуси билан «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларнинг 37 нафарига тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун тижорат банклари томонидан 190 млн. сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилиб, уларнинг турли соҳаларда бандлигини таъминлашга эришилди.

Хусусан, сектор ҳудудидаги Жузимзар маҳалла фуқаролар йиғини Ж.Бекмуратов кўчасида яшовчи «Аёллар дафтари»да рўйхатда турувчи фуқаро Ержанова Гулжамалга нон ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун АТ «Халқ банки»  Хўжайли филиали томонидан 33 млн. сўм кредит ажратилди. Гулжамал опа ҳозирги кунда аҳолига турли хилдаги нон маҳсулотларини етказиб беришни йўлга қўйиб, бандлигини таъминлаш орқали оиласи даромад манбаини ҳам яратди.

Сектор ҳудудидаги Таскўпир маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи «Ёшлар дафтари»га киритилган Утемуратов Даўлетбайга эса АТБ «Агробанк» туман филиали томонидан 33 млн. сўм кредит олиб берилди. Бунинг натижасида у чорвачиликни ривожлантиришни йўлга қуйиб, зотдор кўйлар ва туяқуш етиштиришни йўлга қуйди. Бу билан ҳам ўз бандлигини таъминлади, ҳам яқинларига фойдасига тегмоқда. 

Умуман олганда, сектор ҳудудида бу борадаги эзгу ишлар узлуксиз давом эттирилмоқда. Энг асосийси, шу бўйича ишлаб чиқилган «йўл харитаси» манзилли асосда амалга ошириб келиняпти. Сектор раҳбарининг айтишича, бу борадаги амалий ишлар кўлами кенгайтириб борилади.

«Халқ сўзи»

 

 

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?