Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги Жанубий Кореяда ҳам кенг нишонланмоқда

13:18 07 Февраль 2021 Маданият
735 0

Ҳар йили 9 февраль — буюк бобокалонимиз, шоирлар султони Ҳазрат Мир Алишер Навоий таваллудини кенг нишонлаш анъанага айланган. Бу йил мутафаккир шоир таваллудининг 580 йиллиги нафақат юртимизда, балки хорижий мамлакатларда ҳам кенг нишонланмоқда.

Сана муносабати билан Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси томонидан Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган қатор маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Жанубий Кореяда истиқомат қилаётган талаба-ёшларимиз иштирокидаги давра суҳбати ҳам ана шу мавзуга бағишланди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА.

Мамлакатдаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда ўзбекистонлик ёшлар маърифий тадбирда нафақат бевосита, балки «Zoom» платформаси орқали онлайн тарзда ҳам иштирок этди.

Иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори мазмун-моҳияти, давлатимиз раҳбари қарори билан ташкил этилган Навоий номидаги халқаро жамоат фонди фаолияти ҳақида маълумот берилди.

Тадбирда сўзга чиққан ўзбекистонлик ёшлар юртимизда жаҳон адабиёти равнақига салмоқли ҳисса қўшган улуғ аллома Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганиш, унинг бебаҳо адабий мероси, инсонпарварлик ғоялари билан йўғрилган асарларини кенг тарғиб этиш борасида олиб борилаётган ишлардан фахрланишини билдириб, бу юртдошларимизни, айниқса, ёшларни адабиёт бўлган қизиқишини юксалтириб, уларнинг қалбларида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Шаҳзод Турғунбоев, Ўзбекистон Ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Корея Республикасидаги вакили:

— Буюк мутафаккир бобомиз Алишер Навоий ўзининг бой маънавий мероси, шоҳ асарлари, нодир девонлари, бетакрор ғазал ва достонлари билан башарият тамаддуни ва адабиётига беқиёс ҳисса қўшган. Чунки аллома қаламига мансуб, юксак маҳорат ва бетакрор сўз санъати оҳангида яратилган, улкан тарбиявий аҳамиятга эга бўлган бебаҳо ижод намуналари асрлар оша ўз мазмун ва сайқалини йўқотмай, улкан маънавий мерос ва адабиётимиз гултожига айланган.

Навоий ўзининг номи ва яратган асарлари асрлар оша яшаб қолишига ишонган эди. «Умидим улдурки ва ҳаёлимга андоқ келурки, сўзим мартабаси авждан қуйи энмагай ва ёзган асарларимнинг тантанаси аъло даражадан ўзга ерни ёқтирмагай», деб ёзган эди улуғ шоир. Орадан олти асрга яқин вақт ўтса ҳамки, шоир сўзлари дунё бўйлаб ўзининг юксак парвозини давом эттирмоқда.

Алишер Навоий қаламига мансуб ўлмас ғоялар тараннум этилган асарлар ўз қадр-қимматини асло йўқотмайди. Асрлар давомида халқимиз Навоий асарларидан баҳраманд бўлиб, уни севиб мутолаа қилаверади.

Валижон Тўрақулов, Инҳа университети Халқаро савдо йўналиши бўйича докторанти:

— Дарҳақиқат, Навоий ижодига эътибор қаратар эканмиз, бобомиз ўз ижодида миллиондан ортиқ бетакрор сўздан кенг фойдалангани, ҳассос шоир юксак ижодий маҳорат ва улкан сўз бойлигига эга бўлганига амин бўламиз.

Алишер Навоий бутун ҳаёти давомида адабий асарларни сиёсат билан бирлаштирган. Юқори мансабга эга шахс бўла туриб, у мамлакат ҳаётининг ижтимоий-иқтисодий такомиллашишига катта ҳисса қўшган, илм, фан, санъат ривожига ҳомийлик қилиб, тинчлик ва тотувлик ҳукм суришига доим ҳаракат қилган.

Бугунги кунда А.Навоий ҳаёти ва ижодига нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам юксак эътибор қаратиб келинмоқда. Жумладан, Навоий асарларининг турли тилларга таржима қилинаётганлиги, хорижлик олимлар томонидан олиб борилаётган диққатга сазовор илмий-тадқиқот ишлари, мутафаккир ҳақида яратилаётган асарлар, фильмлар ва эҳтиром рамзи сифатида ўнлаб шаҳарларда бобомиз ҳайкали ўрнатилгани фикримизнинг яққол тасдиғидир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?