Ал-Хоразмийнинг муносиб вориси

18:48 14 Сентябр 2022 Жамият
576 0

Фото: "Халқ сўзи"

Юртимизда учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш, тараққиётга эришиш учун замонавий билимларни ўзлаштиришни, рақамли бошқарув ва илғор ахборот технологияларини ҳаётга татбиқ қилишни замоннинг ўзи талаб этмоқда. Бу борада илм-фан равнақига муносиб ҳисса қўшадиган, ёшларга йўл-йўриқ кўрсатадиган юксак малакали профессор-ўқитувчилар, ҳақиқий зиёлиларнинг ўрни муҳимлигини Президентимиз ҳамиша таъкидлаб келади.

Мамлакатимизда математика фанининг ривожланишида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси В. Романовский номидаги Математика институтининг салмоқли ҳиссаси бор. Бу даргоҳда Т. Саримсоқов, С. Сирожиддинов, М. Салоҳитдинов, Т. Жўраев сингари машҳур ўзбек олимлари томонидан яратилган функционал анализ ва алгебра, дифференциал тенгламалар, эҳтимоллар назарияси ва математик статистика илмий мактаблари дунё математика ҳамжамияти томонидан тан олинган ва алоҳида эътироф этилган.

Мамлакатимиз илм-фанини янги сифат босқичига кўтариш жараёни иқтидорли ёшларни илмий фаолиятга қизиқтириш ҳамда халқаро илмий алоқаларни мустаҳкамлашга асос бўлмоқда. Бу борада математика фани ва таълимини ривожлантириш, олимларнинг янги авлодини тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Бугунги кунда юртимизда улуғ аллома бобомиз Fл-Хоразмийнинг муносиб ворислари сифатида математика фанини ва математика таълимини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган олимларимизнинг олиб бораётган илмий тадқиқотлари дунё миқёсида тан олинаётгани ҳар биримизда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотади.

Ана шундай инсонлардан бири — физика-математика фанлари доктори, фан арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони Шавкат Аюпов қарийб чорак асрдан буён Математика институтига раҳбарлик қилиб келади. Шу давр мобайнида бу даргоҳда олимларнинг янги авлодлари, буюк аллома бобомиз ал-Хоразмийнинг издошлари етишиб чиқди, улар томонидан олиб борилган илмий тадқиқотлар дунё олимлари эътирофига сазовор бўлди.

Кейинги йилларда институтда ҳақиқий ижодий муҳит яратилди ва халқаро алоқалар янада ривожлантирилди. Кадрлар тайёрлаш, айниқса, ёш фан докторларини камолга етказиш сезиларли даражада фаоллашди. Институтга халқаро грантлар олиб келинди. Масалан, олим раҳбарлигида Германиянинг “DFG” фонди йўналиши бўйича Бонн университетининг Амалий математика институти билан биргаликда лойиҳалар бажарилди. Ўзбекистон — АҚШ математиклари илмий конференциялари уюштирилди. АҚШ миллий фонди ҳамкорлигида америкалик талаба ва магистрлар учун ташкил қилинган уч йиллик ёзги мактаб Математика институтида ўз фаолиятини муваффақиятли олиб борди.

Илм олишни игна билан қудуқ қазишга менгзашади. Бу — олимлар меҳнатига доно ва зукко халқимиз томонидан берилган баҳо. Шу билан бирга, кимнингдир бошлаган илмий иши нисбатан тезроқ натижа беради, тезроқ эл-юрт назарига тушиб, ҳурмат-эътиборга сазовор бўлади.

Тошкентда оддий зиёли оила хонадонларидан бирида туғилган Шавкат Аюповда ўқувчилик йилларидаёқ математика фанига алоҳида қизиқиш бор эди. У шу йўналишда шаҳар ва республика математика олимпиадаларида ғолиб бўлиб, Новосибирскдаги ёзги физика-математика мактаби беллашувларида муваффақиятли иштирок этди. 1969 йили ўрта мактабни олтин медаль билан битиргач, Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) механика-математика факультетига ўқишга кирди ва 1974 йили уни “Функционал анализ” мутахассислиги бўйича имтиёзли диплом билан тамомлаб, аспирантурага қабул қилинди.

Машаққатли илмий изланишлар ва тадқиқотлар натижасида Шавкат Аюпов 25 ёшида физика-математика фанлари номзоди, 31 ёшида физика-математика фанлари доктори, 43 ёшида Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий академиги бўлди. 2003 йилда Бутунжаҳон фанлар академияси аъзолигига сайланган. Италиядаги Назарий физика марказига 6 йил давомида ассоциатив аъзо бўлган. Бундан ташқари, Ўзбекистон математикаси учун янги йўналиш бўлган алгебра ва оператив алгебра соҳаларини бошлаб, ҳозир ҳам давом эттиряпти.

Унинг дастлабки илмий ишлари ноархимед нормали майдонлар устидаги топологик вектор фазолар назариясига, махсус ҳалқалар гомоморфизмларига ва топологик модулларнинг иккилик назариясига бағишланган. 1977 йилда мазкур соҳадаги туркум ишлари учун Ўзбекистон Фанлар академиясининг ёш олимларга бериладиган мукофотига сазовор бўлган.

Ўша йилларда университет ректори, академик Тошмуҳаммад Саримсоқов ташаббуси билан Тошкентда нокоммутатив (квант) эҳтимоллар назарияси бўйича илмий тадқиқотлар бошланган бўлиб, бир қатор ёш математиклар бу янги соҳанинг тартибланган алгебраик тузилмалар назарияси билан боғлиқ муаммолар бўйича шуғулланаётган эди. Шавкат Аюпов тартибланган Йордан алгебралари ва ноассоциатив интеграллаш назарияси, уларнинг квант эҳтимоллар назариясига татбиқи юзасидан улкан дастурни бажарди. Бу тадқиқотлар натижаси олимнинг 1983 йилда “Фан” нашриёти томонидан Т. Саримсоқов, Ж. Ҳожиев, В. Чилин ҳаммуаллифлигида ёзилган “Тартибланган алгебралар” монографиясида ўз аксини топди.

— Ёшлигимдан математикага қизиқишим юқори эди, — дейди Шавкат Аюпов. — Ўша вақтлари академик Сирожиддинов раҳбарлигида математика бўйича республика олимпиадалари ўтказиларди. Мен олдин ўша баҳсларда қатнашиб, яхши натижа кўрсатдим. Кейин собиқ иттифоқ миқёсида Новосибирск шаҳрида ўтказилган олимпиада ғолиби бўлдим. Ўшанда математик бўламан, деб узил-кесил қарор қилдим ва ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) механика-математика факультетига ўқишга кирдим. 3-курсда кафедраларга тақсимлаш вақтида айнан Саримсоқов раҳбарлигидаги функционал анализ кафедрасига ўтганман. Шу пайтдан бошлаб, бутун илмий ва илмий-ташкилий фаолиятим академик Тошмуҳаммад Саримсоқов домла билан бирга бўлган. Мен академикликка сайланганимда ҳам домла ҳаёт эди. Буни устознинг 100 йиллигига бағишлаб чиқарилган китобда ёзгандим: “Т. Саримсоқов домла талабалигимдан академиклигимгача бирга бўлган, устозлик қилган”.

Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар жараёнида математика фани ривожига алоҳида ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Яқинда Урганчда, 130 гектардан зиёд ҳудудда буюк математик бобомиз ал-Хоразмий шарафига бунёд этиладиган шаҳарча қурилиши пойдеворига капсула қўйган Президентимиз бугунги замонавий илм-фаннинг, электрон кашфиётларнинг туб замини Ал-Хоразмий бобомизнинг мислсиз илмий мероси билан боғлиқлигини, биз бу билан нафақат фахрланишимиз, балки унга муносиб бўлишимиз кераклигини алоҳида таъкидлади. Шаҳарчада Ал-Хоразмий номидаги янги университет барпо этилиб, унинг қошида истеъдодли болалар учун ихтисослаштирилган мактаб қурилади. Уларда ўқиган ёшлар илм-фан, инновация ва маданият марказларида фаолият кўрсатиб, буюк аждодимиз анъаналарини давом эттиради.

Математика институти эски биносининг шарт-шароити жуда ночор ва ғариб эди. Олимлар бу ерга ҳатто хорижлик ҳамкасбларини, ҳамкор мутахассисларни таклиф қилишга уялишарди. Бундан икки йил аввал мамлакатимизда математика илм-фанни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Математика илм-фани ва таълимини янги сифат босқичига олиб чиқишга қаратилган қатор тизимли ишлар амалга оширилди. Жумладан, Математика институти учун янги, замонавий, инновацион бино барпо этилди. 2020 йил 7 май куни “Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди. Шу асосда Математика фани ва таълимини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда унинг бўлинмалари очилди.

Институтнинг янги биносида илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва илмий ишланмаларни амалиётга жорий қилиш учун барча шароит ҳозирланган. 7 та илмий лаборатория ва “Ёш математиклар” маркази фаолият юритади. Бинонинг турли қаватларида ахборот-ресурс маркази ва семинар хоналари, академик ва тадқиқотчилар учун кабинетлар, кутубхона, мажлислар зали, ошхона жойлашган. Хоналар энг илғор техника ва ускуналар билан жиҳозланган.

Бундай эътибор илм-фан фидойилари бўлган олимларни рағбатлантирди, уларнинг кучига-куч, ғайратига-ғайрат қўшди. Математикага оид йўналишларда таълим олаётган талабалар ва тадқиқотчилар учун академик Т. Саримсоқов номидаги стипендия таъсис этилди. Шунингдек, “Академик Қори-Ниёзий мероси” илмий-методик маркази томонидан ёшларни рағбатлантириш мақсадида ўқувчилар ва талабалар ўртасида математика фан олимпиадалари, магистрантлар, докторантлар ва ёш олимлар учун турли танловлар ўтказиб келинмоқда. Бакалавриат ва магистратура талабалари учун академик Қори-Ниёзий стипендияси жорий қилинган.

Ёшларнинг математика фанига қизиқишини ошириш мақсадида даврий равишда академиклар, профессор-ўқитувчилар иштирокида “Уч авлод учрашуви”, “Устоз — шогирд”, “Маҳорат дарслари” каби тадбирлар ўтказилади. Институтда математика ўқитиш методикаси йўналишида ташкил этилган илмий кенгаш ёш олимларга илмий ишлар устида изланишлар олиб боришда зарур кўрсатмалар, тавсиялар беради. Бу эса математика таълими ривожига муносиб ҳисса қўшадиган илмий ишлар салмоғини оширишга хизмат қилмоқда.

Институтнинг ҳудудий бўлинмаларида мамлакатимиз ва хорижий давлатлардан соҳанинг етакчи олим ва мутахассислари, ёш тадқиқотчилари иштирокида турли мавзуларга бағишланган халқаро илмий конференциялар ўтказилиб турилади. Бу ерда математика таълими бўйича ўқув-услубий материалларни мувофиқлаштириш лабораторияси ташкил этилган. Олимлар Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда мактаблар учун математика фани дарсликларининг янги авлодини тайёрлаш билан шуғулланишмоқда. Бундай дарсликлар аввал муҳокамадан ўтказилиб, зарур ва фойдали кўрсатмалар асосида тасдиқланганидан сўнггина чоп этилишига рухсат берилади. Лаборатория ходимлари томонидан республиканинг барча халқ таълими соҳасида ҳудудий малака ошириш бўлинмаларидаги тингловчиларига турли маҳорат дарслари ўтказиб келинади.

Узлуксиз таълим тизимида математика фанларига оид барча ислоҳотлар, турли танловларни онлайн равишда ўтказувчи, соҳага оид замонавий адабиётлар ҳақида маълумот берувчи “Ўзбекистон математиклари” телеграм канали, Миллий математика онлайн платформалари фаолият юритмоқда.

Бу каби ишлар, бир томондан, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватласа, иккинчи томондан, илмий фаолиятга қобилияти бор ёшларни саралаб олиш имкониятини беради.

Шавкат Аюпов ўз илмий тадқиқотларида Йордан алгебраларида шартли кутилмалар ва мартингаллар назариясини ривожлантирди, статистик ва индивидуал эргодик теоремалар, мартингаллар яқинлашиши ҳақидаги теоремалар, кучайтирилган катта сонлар қонунини исботлади. Олим 1994 йилда Олий математик тадқиқотлар институти (IRMA, Франция) директори профессор Ж. Лоде таклифига кўра Страсбург университетида илмий тадқиқотлар олиб борди. Ўша йилларда Ж. Лоде гомологиялар назариясидан келиб чиққан ҳолда Ли алгебрасининг умумлашмаси — Лейбниц алгебраси тушунчасини илмий тадқиқот йўналишига киритган эди. Шундан сўнг бу алгебралар математиканинг турли соҳаларида ўз татбиқини топди. Франциядан қайтгач, Шавкат Аюпов шогирдлари билан Лейбниц алгебраси назариясини ривожлантиришга киришди. Бу соҳадаги тадқиқотларга кўплаб иқтидорли ёш математикларимиз ҳамда Испания, Франция, Малайзия ва бошқа мамлакатлардаги мутахассислар қўшилди. Олинган дастлабки натижалар “Алгебра ва Оператор назарияси” (“Algebra and Operator theory”) монографиясига киритилди.

Ҳозир олим раҳбарлик қилаётган алгебра илмий мактабида Ли алгебралари назариясидаги кўплаб классик ва муҳим натижалар Лейбниц алгебралари учун умумлаштирилган ва унга хос бўлган хусусиятлар аниқланган. Айни пайтда Ўзбекистон ушбу йўналиш бўйича етакчи илмий марказга айланганини алоҳида таъкидлаш лозим. Шавкат Аюпов ва шогирдларининг ушбу йўналиш ривожига қўшган ҳиссаси жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинди. Ушбу кенг қамровли тадқиқотлар Америка математика ҳамжамиятининг классификаторида Лейбниц алгебралари бўлими очилишига туртки бўлди.

— Математика фанининг тамал тошини Ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний каби улуғ боболаримиз қўйган ва бу фан айнан юртимизда ривожланган, — дейди Ш. Аюпов. — Лекин охирги йигирма йилда бу соҳадаги мутахассисларнинг математикадан билим даражаси пасайиб кетди. Чунки ўқитувчиларга керакли эътибор, муносиб маош берилмади. Математика мураккаб фан, деб таълим даргоҳларида ўтиладиган машғулотлар тўрт семестрдан икки семестрга туширилди, унинг нуфузи йилдан-йилга пасайиб кетди. Бунинг салбий оқибатлари ҳозир жамиятимизнинг ҳамма йўналишларида сезиляпти.

Соҳадаги ислоҳотларга фақат миқдор жиҳатидан ёндашилиб, сифат кўрсаткичларига эътибор етарлича бўлмади. Илмий даражалар олишдаги ҳимоялар сони ўринсиз оширилди, турли рейтингларда иштирок этиш учун тўлов асосида кўплаб сифатсиз мақолалар чоп этилди, хорижий давлатларда 10 — 15 йиллар олдин ҳимоя қилинган ишларни ўзбек тилига ўгириш орқали илмий даражалар олишга ҳаракатлар бўлди. Буларнинг ҳаммасини кўриб-билиб турсак ҳамки, қўлимиздан ҳеч нарса келмас эди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бу эса билимли кадрлар етишмаслигига олиб келди. Шукрки, ҳозирги кунда соҳада адолат мезонлари аниқ белгилаб олинган. Математика фани ўқитувчисининг маҳоратига кўп нарса боғлиқ. У қизиқтира олсагина, ўқувчи бу фанни ўзлаштиришга киришади. Адабиёт, тарих фанларини мустақил ўрганиш мумкиндир, аммо математикани ўрганишда педагогнинг тажрибаси, устознинг ўрни муҳим. Бугун бу фанни ривожлантириш ислоҳотлар жараёнида иқтисодиётимизни мустаҳкам изга қўйиб олишга имкон беради.

Маълумки, илгари математик моделлар физика, механикада қўлланиб келинарди. Ҳозирга келиб эса дунё бўйича бошқа соҳаларда ҳам математик моделлар яратиляпти. Масалан, дейлик, биологияга математик моделларни қўллаш мумкин. Эпидемияларни моделлаштириш, яъни статистикага қараб, бирор касалликнинг тарқалиши қанақа бўлади, уни қандай бартараф қилиш мумкин, ана шуларни олдиндан тадқиқ этиш имконияти бор. Шу маънода, математика ҳамма фанларга асос бўла олади. Уларни ўрганиб, ривожлантириб, натижаларини амалиётга қўллаш математиканинг вазифаси.

Биз жажжи кичкинтойлардан тортиб мактаб остонасига қадам босган ўғил-қизларимизгача узлуксиз математик билимлар беришни йўлга қўйишимиз керак. Мактаб ва олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришимиз, илм-фан ва таълим интеграциясини узвий олиб боришимиз керак. Илгари олимларимиз репетиторлик билан шуғулланиб, қўшимча маблағ топишгани сир эмас. Эндиликда институтда “Ёш математиклар” ўқув маркази ташкил этилган бўлиб, у ерда олий ўқув юртларига киришни хоҳловчилар математика фанидан тайёргарлик кўришади.

Юқорида таъкидланган “Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, математика соҳасидаги ютуқлар учун Ал-Хоразмий номидаги халқаро мукофот учта йўналишда бериладиган бўлди. Биринчиси, халқаро миқёсдаги математика бўйича фундаментал ютуқлар учун, иккинчиси, математиканинг амалиётга муваффақиятли татбиқ қилингани учун, учинчиси эса ёш математикларга берилади. Албатта, катта миқдордаги рағбатлантиришнинг бу тури олимларимиз, ёшларимизни ушбу фан йўналишларида изланишлар олиб боришга ундайди. Мазкур мукофотнинг хорижлик олимларга ҳам берилиши кўзда тутилган.

Журналистлардан бири Шавкат Аюповга: “Энг бахтли ва қайғули кунларингизни эслайсизми?”, деб савол берганида у: ”Энг қувончлиси — фарзандларим туғилганида, энг қайғули куним — 1995 йилда устозим, академик Тошмуҳаммад Саримсоқовни абадий йўқотганимизда бўлган”, деб жавоб берган эди.

Сўнгги йилларда Шавкат Аюпов ўз шогирдлари билан суст-аддитив функционаллар фазосининг топологик ва категориявий хоссаларини ҳам ўрганмоқда. Унинг 8 та монография ва 300 дан ортиқ илмий мақолалари эълон қилинган бўлиб, уларнинг кўпчилиги чет давлатларнинг нуфузли халқаро илмий журналларида чоп этилган. Олим олий ўқув юртлари учун кўплаб дарслик ва ўқув қўлланмаларнинг муаллифидир. Уни АҚШ, Австралия, Буюк Британия, Германия, Италия, Испания, Малайзия, Франция, Хитой, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатлардаги университетларга ва етакчи илмий-тадқиқот институтларига биргаликда илмий изланишлар олиб бориш учун тез-тез таклиф қилиб туришади. Шавкат Аюпов илмий мактаби Сичуан университети (Хитой) ҳамда Жанубий Фан ва технология университети қошидаги Халқаро математика маркази (Хитой) билан яқин ҳамкорликда иш олиб боради.

Академик олим “Ўзбек математика журнали”, “Математика институти бюллетени” ҳамда “Физика, математика ва информатика” журналлари бош муҳаррири, Олий аттестация комиссияси раёсати ҳамда Олий Мажлис Сенати аъзоси ҳисобланади. У бутун куч-ғайратини Ўзбекистонда математика фани ва таълими савиясини кўтариш, иқтидорли ёшларни қидириб топиш ва фанга жалб қилишга сафарбар этиб келмоқда.

Шавкат Аюпов сермаҳсул илмий ва илмий-ташкилий ишлар билан бирга салмоқли педагогик ва жамоатчилик фаолиятини ҳам олиб бормоқда. Олим 30 йилдирки, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг Алгебра ва функционал анализ кафедраси профессори сифатида ёш тадқиқтотчиларнинг илмий ишларига раҳбарлик қилиб, ўтган йиллар давомида 14 нафар фан доктори ва 40 дан зиёд фан номзодлари тайёрлади. Улардан кўпчилиги юртимиздаги ва чет эллардаги университет ва илмий марказларда фаолият кўрсатмоқда.

Жорий йилнинг 18 — 22 июлида Португалияда бўлиб ўтган нуфузли халқаро математиклар конференциясида кўплаб мамлакатлар олимлари қатори Ўзбекистондан академик Шавкат Аюпов бошчилигида Фарҳод Эшматов, Рустам Турдибоев сингари олимларимиз ўз маърузалари билан қатнашиб, юксак эътирофга сазовор бўлишди.

Ўзбекистон Қаҳрамони, академик Шавкат Аюпов олимларимизнинг олиб бораётган илмий тадқиқотлари ва уларнинг халқаро даражада тан олинаётганини Президентимиз томонидан мамлакатимизда илм-фанга берилаётган юксак эътибор натижаси, деб билади. Бундай имкониятлар, эътирофлар ва халқаро натижалар ёшларимизнинг илм-фанга бўлган қизиқишини янада орттириб, янги-янги кашфиётлар яратилишига хизмат қилишига ишонади.

Мансурхон ТОИРОВ, физика-математика фанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер