Ахборот технологиялари соҳасидаги хорижий инвесторлар ва мутахассисларга тавсия бериш тартиби белгиланди

16:05 16 Сентябр 2022 Жамият
503 0

Ахборот технологиялари соҳасидаги хорижий инвесторлар ва мутахассисларга, шунингдек Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки резидентларининг таъсисчилари (иштирокчилари)га тавсия бериш тартиби тўғрисидаги низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди (рўйхат рақами 3387, 16.09.2022 й.).

Низомга кўра, тавсия қуйидагиларга берилади:

— Ўзбекистонда ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун инвестиция киритаётган хорижий инвесторга;

— ахборот технологиялари соҳасида охирги 12 ойда йиллик даромади 30 минг АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган хорижий мутахассисга;

— Технопарк резидентларининг таъсисчиси (иштирокчиси)га.

Ариза берувчи тавсия олиш учун аризани веб-портал (www.it-visa.uz) орқали Технопарк дирекциясига юборади.

Аризага ариза берувчи ва унинг оила аъзоларига (турмуш ўртоғи, ота-онаси, фарзандлари) тегишли паспорт нусхалари, ариза берувчининг фотосурати ҳамда тегишли ҳужжатлар илова қилинади.

Ариза ва бошқа ҳужжатлар келиб тушган кундан бошлаб 30 кундан ошмаган муддатда Дирекция томонидан кўриб чиқилади.

Дирекция ариза келиб тушган кундан бошлаб 1 кунда тақдим этилган ҳужжатларни текширади.

Ариза берувчига қуйидаги ҳолларда тавсия беришни рад этиш тўғрисида хулоса берилади:

— ариза берувчи томонидан Ўзбекистонда бўлиш қоидалари бузилганлиги аниқланганда;

— ариза берувчи низомда назарда тутилган шахслар тоифасига кирмаса;

— ариза берувчи низомда белгиланган тавсия бериш учун талабларга жавоб бермаса.

Ариза берувчига тавсия бериш рад этилганда, у Дирекцияга рад этиш учун асос бўлган камчиликларни бартараф этган ҳолда тавсия олиш учун қайта мурожаат қилиши мумкин.

Тавсия олиш учун аризаларни кўриб чиқиш, тавсия бериш ва унинг муддатини узайтириш бепул амалга оширилади.

Тавсия Эксперт гуруҳининг хулосаси асосида 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга берилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер