Ака-ука депутатлар охирги уч ойда фуқароларнинг қирқдан зиёд мурожаатини ижобий ҳал қилди

11:18 14 Октябр 2021 Жамият
154 0

Наманганлик тадбиркор ака-ука  Бобохоновлар ижтимоий  фаолиятда ҳам кўпчиликка намуна. Олимхон халқ депутатлари Наманган вилоят, Ғиёсиддин Наманган шаҳар Кенгаши депутати сифатида сайловчилар ишончини оқлаб келаётир. Буни уларнинг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, одамларни  қийнаётган муаммолар ечимидаги астойил ҳаракатида яққол кўриш мумкин. Биргина жорий йил учинчи чорагининг ўзида депутатлар қирқдан зиёд мурожаатларни ижобий ҳал қилишга муваффақ бўлди.

Хусусан, Наманган шаҳридаги Сумалак гузари ва Гулпора маҳалласи кўчаларидаги ичимлик сув қувурларини таъмирлаш ҳамда янгилаш зарурати юзасидан билдирилган мурожаат бўйича депутатлар ташаббус кўрсатиб, ҳомийлик асосида 450 метр сув қувурларини ётқизишга кўмаклашдилар.  Амир Темур маҳалласида имтиёзли кредит асосида тикувчилик машинаси олган 5 нафар аёлга хом ашё материаллари таъминоти йўлга қўйилиши билан уларнинг иши юришиб кетди. Иш топишда ёрдам сўраган 8 нафар фуқаро эса  “Art soft tex”  корхонасидаги бўш  ўринларга  жойлаштирилди.

Бундан ташқари “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида 80 нафар ногиронлиги бўлган шахслар, беморлар ва боқувчисини йўқотган хотин-қизлар ҳолидан доимий хабар олиб келаётган бу ака-укадан барча бирдек мамнун.

                                                              Қ. НАЖМИДДИНОВ. “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?