Айтилган гап — отилган ўқ

18:22 02 Апрель 2024 Жамият
355 0

Парламентга сайлов жараёни қизғин ва беаёв ўтишидан кўпчиликнинг хабари бор. Қонун чиқарувчи органга сайланиш, Халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари депутати бўлиш ҳеч қачон осон кечмаган. Номзодларнинг бу йўлда халқ орзу-истаклари рўёбига хизмат қилувчи ташаббусларни илгари сурганига ҳам, таниш-билиш ортидан қувганига ҳам, одамлар қулоғига лағмон осиб, қоп-қоп ваъдалар берганига ҳам гувоҳ бўламиз.

Бироқ… вақт — оқар дарё. Кунлар ўтиб, элак сувдан кўтарилади. Сайловчилар депутатдан ўз дастуридаги қайси бандлар ҳаётга кўчганини сўраб қолиши ҳам бор. Тўғри, халқимиз андишали. Баъзи ваъдабозларнинг ёқасидан тутиб, ҳақини сўраганини ҳали эшитмадик... Майли, бундай бўлмасин, лекин ҳар бир инсоннинг виждони — энг олий ҳакам, киши унга ҳисоб берганда юзи қизариб қолмаслиги керак.

Халқ депутатлари Қувасой шаҳар Кенгаши депутати Азамжон Қосимов айтилган гапни отилган ўқ деб билувчилардан. Ҳарқалай у сайлов жараёнида эълон қилган дастури ижобати учун тинмай интилиб келяпти.

Яқинда бу инсон янги ташаббусга қўл урди. Эътиборлиси ёшларнинг таълим-тарбия олиши учун қулай шароит яратиш мақсади рўёби учун бу сафар ўзи ҳомий бўлди. Яъни шаҳарнинг «Лашкар» маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли 12-умумий ўрта таълим мактаби ҳудудида қаровсиз қолган эски бинонинг ўрнига ўз ҳисобидан ёшлар учун замонавий кутубхона қуришга киришди. Шу орқали эртамиз эгаларининг бир неча йиллик муаммосини ҳал этиладиган бўлди.

Рамазон ойининг улуғ кунларида катта авлод вакилларининг дуолари билан янги кутубхонага пойдевор қўйилди ҳамда қурилиш ишлари авж паллага кирди.

— Билимли ёшларимиз Ўзбекистонни барча соҳада энг илғор давлатлардан бирига айлантиради, — дейди Азамжон Қосимов. — Ҳар қандай давлатнинг келажаги бу унинг маърифатли, ақлли ёшларидир. Шу боис, ёшларни китоб билан дўст, ошно қилишимиз керак. Чунки китоб ўқиган киши ўзини кучлироқ, ақллироқ, инсонпарварроқ сезади. Мазкур кутубхонани ҳам ёшларни маърифатли, ақлли қилиб тарбиялаш мақсадида барпо этмоқдамиз. Зеро, китоб ўқиш — ақлни чархлаш демакдир!

Азамжон Қосимовнинг бу хайрли иши баъзи мудраб ётган депутатларни ҳушёр торттирса, уйғоқларига эса яна бир ўрнак бўлса не ажаб! Зеро, ушбу хабардан мақсадимиз ҳам шу.

Шоҳсултон ТЎХТАМАТОВ,

журналист.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?