Айтди ва қайтди: Антикоррупция агентлиги “Coca-cola Uzbekiston"нинг сотувини тўхтатишни сўради, бир кун ўтиб эътирози йўқлигини билдирмоқда

15:09 26 Январь 2021 Жамият
1705 0

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан жорий йилнинг 25 январь куни Давлат активларини бошқариш агентлигига «Коррупцияни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш тўғрисида» Тақдимнома киритилган эди.

Унда тендер иштирокчиларини саралаш ва ғолибни танлаш бўйича белгиланган мезонларнинг ўта юқори ва асослантирилмаганлиги сабабли “Coca-cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd” МЧЖдаги (кейинги ўринларда – Компания) давлат улушини хусусийлаштириш бўйича ўтказилаётган тендер жараёнини тўхтатиш сўралган эди.

«Ушбу Тақдимномага Давактив агентлиги томонидан оператив равишда расман муносабат билдирилганлиги ва хусусийлаштириш жараёни бўйича барча асослар тушунтириб берилганлигига миннатдорчилик билдирамиз», деб хабар бермоқда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги.

Маълум бўлишича, ҳозирда Компаниядаги давлат улушини хусусийлаштириш жараёни халқаро амалиёт бўйича олиб борилмоқда. Бунга дунёнинг нуфузли “Rothschild & Co” инвестиция банки молиявий маслаҳатчи ва “Dentons” юридик фирмаси юридик маслаҳатчи сифатида жалб этилиб, жараёнлар шаффоф тамойиллар асосида ташкил этилмоқда.

Шу муносабат билан, Агентлик хусусийлаштириш жараёнларини халқаро компаниялар иштирокида амалга оширилаётган бундай янги амалиётни тўла қўллаб-қувватлайди ва хусусийлаштириш жараёнининг давом эттирилишига эътирози йўқлигини маълум қилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?