"Air Arabia" авиакомпанияси Абу-Дабидан Тошкентга парвозларни йўлга қўйди

18:58 07 Декабрь 2022 Жамият
477 0

Бугун, 7 декабрь куни "Air Arabia" авиакомпаниясининг Абу-Дабидан учган самолёти Тошкент халқаро аэропортига келиб қўнди ва бу икки шаҳар ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларнинг очилиши бўлди. 

Шу муносабат билан Тошкент халқаро аэропортида "Air Arabia" компаниялар гуруҳи ижрочи директори жаноб Адел Ал Али иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.

«Биз Абу-Дабидан Тошкентга тўғридан-тўғри рейслар йўлга қўйилганини мамнуният билан эълон қиламиз ва бизни қўллаб-қувватлаган барча ҳамкорларимизга миннатдорчилик билдирамиз. Бизнинг мақсадимиз икки юрт одамларини ўзаро боғлаш ва уларнинг саёҳатларини қулай ва арзон қилишдир. Мамлакатларимиз ўртасидаги рейслар ва йўналишлар сонининг кўпайиши туризм, савдо ва ишбилармонлик фаолиятини ривожлантириш учун муҳим қадам бўлади. Ҳозирда компаниямиз томиндан Шаржага ҳафтасига олти марта рейслар амалга оширилмоқда, эндиликда Абу-Дабига ҳафтасига иккита рейс қўшилмоқда. Биз фаолият юритадиган ҳар бир мамлакатда ҳеч бўлмаганда кунлик рейсларни таъминлашга интиламиз. Бу мобилликни оширади ва потенциал йўловчиларимиз учун кўпроқ имкониятлар яратади», — деди "Air Arabia" авиакомпанияси ижрочи директори Адел Ал Али.

«"Air Arabia" 2020 йилдан бери бизнинг ҳамкоримиз. Аста-секин парвозлар частотасини оширмоқдамиз. Жорий йилнинг ноябрь ойида биз Намангандан Шаржага рейсларни очдик. Бугун биз янги Абу-Даби — Тошкент — Абу Даби йўналишини очмоқдамиз. Бу биз учун ҳам, авиакомпания учун ҳам жуда муҳим воқеа. Буни шундай юксак даражадаги меҳмон — жаноб Адел Ал Алининг ташрифи ҳам тасдиқлайди. Биз янги авиакомпанияларни қутлаймиз ва улар учун энг қулай шароитлар ва Ўзбекистонга парвозлар учун қулай тарифларни яратишга ҳаракат қиламиз», — деди «Uzbekistan Airports» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосари Баҳодир Мирусмонов.

Абу-Даби — Тошкент — Абу Даби йўналиши бўйича йўловчи рейслари мунтазам равишда чоршанба ва шанба кунлари қулай Airbus А320 самолётларида амалга оширилади. Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойи охирида Аир Арабиа Шаржа ва Наманган ўртасида мунтазам қатновларни йўлга қўйган эди.

Air Arabia — штаб-квартираси Шаржада (БАА) жойлашган араб арзон авиакомпанияси бўлиб, Шаржа ва Александрия аэропортларидан, шунингдек, Марокашдаги тўртта аэропортдан Яқин Шарқ, Жануби-Шарқий Осиё, Европа, МДҲ ва бошқа мамлакатларга йўловчи ташувларини амалга оширади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер