Аҳолининг эҳтиёжманд қатламига давлат хизмати кўрсатиш аҳволи қандай?

00:46 04 Ноябрь 2021 Жамият
226 0

Фото: Халқ сўзи

Термиз шаҳрида Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, Ташқи ишлар, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликлари ҳамда вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган семинар-тренингда айни шу саволга жавоб изланди. Унда маҳаллий ҳокимлик, ижтимоий хизматлар бошқармалари, болаларни ҳимоя қилиш хизматлари, маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда аёллар, ёшлар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа эҳтиёжманд қатламлари билан ишлайдиган ташкилотлар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Семинар-тренингда аёллар ва аҳолининг бошқа заиф қатламлари учун давлат хизматларидан фойдаланишни таъминлашда кўп тармоқли уйғунлашган ёндашув, аёллар маслаҳат гуруҳининг самарали ишлаши ва ДХА ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар ҳамкорлиги масалаларига алоҳида урғу берилди.

Тадбирда кейинги йилларда Ўзбекистонда юридик ва жисмоний шахслар мурожаатлари билан ишлашнинг мустаҳкам қонунчилик асослари ва янги, замонавий механизми яратилгани эътироф этилди. “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қилиши лозим” деган ҳаётий тамойил изчил амалга оширилиб, давлат хизматлари кўрсатишнинг илғор амалиётлари жорий этилгани одамларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилишда муҳим аҳамият касб этаётир. Жумладан, биргина Сурхондарё вилоятининг шаҳар ва туманларида 15 та давлат хизматлари маркази ва чекка ҳудудларда ўнта мазрказ филиали иш олиб бораётир.

Тадбир доирасида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури томонидан алоҳида ҳудуд сифатида танланган Бандихон тумани Давлат хизматлари марказининг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Лойиҳанинг молиявий кўмагида мазкур ДХМ зарур мебель, компьютер техникалари билан жиҳозланди. Меҳмонлар бу ерда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Илҳом РАҲМАТОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?