Аҳолини узлуксиз энергия ресурслари билан таъминлашга қачон эришилади?

14:19 28 Ноябрь 2020 Жамият
172 0

Аҳоли ва саноат корхоналари энергия ресурслари билан таъминлаш ҳар доим долзарб бўлиб келган. Айниқса, қиш-қировли кунларда уларга бўлган эҳтиёж янада ортади. Сир эмаски, мамлакатимизда ушбу йўналишда фаолият кўрсатаётган аксар корхоналар маънан эскиргани боис уларда ишлаб чиқариш қувватлари пасайиб кетган. Шу боис бундай корхоналарни модернизация қилиш, янгиларини ишга туширишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Бундан кўзланган мақсад зарур энергия ресурслари билан истеъмолчиларни узлуксиз таъминланишига эришишдир.

Хўш, бу борада қандай ишлар қилинмоқда? Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ОАВ ходимлари учун Фарғона ва Наманган вилоятларига ташкил этилган пресс-турда ана шундай саволларга жавоб олинди. ОАВ вакиллари дастлаб «Фарғона иссиқлик элeктр маркази» АЖ иссиқлик электр станциялари фаолияти билан танишди. Маълум қилинишича, айни пайтда Фарғонада Япониянинг “Kawasaki heavy industries” компанияси билан ҳамкорликда умумий қуввати 24 МВтга бўлган иккита инвестицион лойиҳа ишга амалга оширилмоқда. Улардан, биринчиси — 7 МВт қувватга эга газ турбина қурилмаси 2019 йилнинг декабрь ойида фойдаланишга топширилган.

Қурилмалар қандай ишлайди?

Дастлаб журналистлар «Фарғона иссиқлик электр маркази» АЖнинг асосий биносида бўлишди ва ундаги 7 МВтли газ трибуна қурилмаси ва унинг бошқарув пульти ишлаши билан таништирилди. Мутахассислар фикрича, қурилма энг сўнгги инновацион технологиялар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, унинг фойда коэффиценти 80 фоизгача етади.

— Мазкур газ трибуна қурилмасининг афзаллик томони унинг ўта энергия тежамкорлигидир, — дейди «Фарғона иссиқлик элeктр маркази» АЖ директори Фарҳод Абдураҳмонов. — У оз миқдорда газ ёқиб электр генератор билан электр энергияни умумий электр тармоқларига узатиб беради. Иссиқ газ катёл утилизаторига келади ва мавжуд конторда айланиб турган иссиқ сувни керакли даражада иситиб аҳоли тармоқларига жўнатиб юборилади. Газ турбинаси махсус бошқарув пульти орқали назорат қилинади.

— Пультнинг қувватлар ўзгариш вақтида назорат қилиши, ишга тушириш вақти қисқа бўлиб, 17 дақиқада тўлиқ босимда ишлашга чиқади, — дейди «Фарғона иссиқлик элeктр маркази» АЖ техник директори Баҳодир Нуриддинов. — Мутахассисларимиз малакасини оширдик, ўқитдик, ҳозирда аксарият ёшлар пульт бошқаруви бўйича ишлайди. Қурилма Ўзбекистонда қурилган Япониянинг “Kawasaki heavy industries” компаниясининг биринчи турбинасидир. Иккинчиси, янада каттароғи ҳам Фарғонада, яқин орада ишга тушиши режалаштирилмоқда.

Маълумот берилишича, қурилма ишлаб чиқарган электр энергия ҳудудий электр тармоқларига узатилади ва у орқали аҳолига тарқатилади, иссиқ сув тўғридан тўғри аҳолига етказилади.

Корхона 65 йилга яқин вақтдан бери бир кун ҳам ишлашдан тўхтамаган...

Пресс-тур давомида журналистлар «Фарғона иссиқлик элeктр маркази» акциядорлик жамиятида ишга тушиши кутилаётган қуввати 17 МВт бўлган юқори самарали газ турбина қурилмаси билан таништирилди.

Станцияда 6 та турбогенератор, 6 та қозон агрегати ва 9 та куч трансформаторлари мавжуд ва қурилмалар ҳозир тўлиқ қувват билан ишламоқда.

1956 йилда ишга туширилган «Фарғона иссиқлик электр маркази» акциядорлик жамиятининг бугунги кундаги асосий вазифаси Фарғона шаҳрида жойлашган йирик саноат корхоналарини узлуксиз иссиқлик энергияси ҳамда аҳолини электр ва иссиқлик энергияси билан таъминлашдан иборат.

— Ҳозирда 17 МВт газ турбина қурилмаси бўйича ишларни амалга оширяпмиз, объект шу йилнинг декабрь ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган, — дейди «Фарғона иссиқлик элeктр маркази» АЖ директори Фарҳод Абдураҳмонов. — Станциянинг ўрнатилган электр энергия ишлаб чиқариш қуввати – 305 МВт, ўрнатилган иссиқлик қуввати – 1421 Гкал/соатни ташкил этади. Жамият саноат корхоналарига юқори босимли пар ишлаб чиқариб етказади ҳамда аҳолига иссиқ сув етказиб беради. Корхонада 800 нафар ишчи-ходим ишлайди.

Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 83,6 млн АҚШ долларига тенг бўлиб, ускуналарни Япония давлати грант асосида етказиб берган.

Корхонада асосий ёқилғи сифатида табиий газ ва захира ёқилғи сифатида мазутдан фойдаланилади.

Ҳар иккала газ турбина қурилмасида ишлаб чиқарилган электр ва иссиқлик энергияси Фарғона вилояти саноат корхоналари ва ижтимоий соҳа объектлари, шунингдек Қиргули ва А.Қодирий мавзелари аҳолисига куз-қиш мавсумида етказиб берилмоқда.

Ушбу лойиҳалардан кўзланган мақсад аҳолини узлуксиз равишда энергия ресурслари билан таъминлашга эришдир.

Инобат АҲАТОВА, "Халқ сўзи"

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?