Аҳолига сув адолатли нархда етказиб берилса, исрофгарчилик кескин камаяди

17:53 12 Октябр 2023 Жамият
448 0

Халқимизда бирор нарса арзон сотиб олинса, уни “сувтекин”га олдим дейишади. Аслида бу бепул эмас, лекин жуда арзон, деган маънони англатади. Одамлар ариқлардан бемалол сув ичишган замонларда сув ҳақиқатан деярли текин бўлгандир, аммо бундай ибора бугунги реалликка мутлақо мос келмайди.

Сабаби ичимлик суви ҳажмлари айниқса, бизнинг минтақада жуда чекланган ва бу бебаҳо неъматга аҳоли эҳтиёжи ортиб борган сари унинг ҳажмлари камайиб бормоқда. Аҳолининг ичимлик сув таъминоти жуда катта харажатларни талаб этиб, сув тежамкорлик билан ишлатилса ҳамма ундан баҳраманд бўлади.

Тежамкорликка биринчи навбатда реал таннархни қоплай оладиган ва аҳолини сувни тежашга ундовчи тарифлар билан эришилади. Масалан, сув таъминоти яхши йўлга қўйилган давлатларда, тежамкорлик аҳоли маданиятнинг ажралмас қисмига айланган.

Лекин ҳозирги сув нархи билан аҳоли ўртасида тежамкорлик маданиятини шакллантириб бўлмайди. Сув қанча арзон бўлса, уни шунча исроф қиламиз. Бу инсон табиатига хос фазилат. Фақат бозор нархларигина одамларни сувни тежашга ундаши, мотивация бериши ва мажбур қилиши мумкин.

Ичимлик суви ишлаб чиқариш ва уни аҳолига етказиб бериш, жамлаш, фильтрлаш, ҳар соатда лаборатория текширувларидан ўтказиш, минглаб километрлик қувурлар ва насослар орқали марказлашган тарзда ташиш сингари бир нечта мураккаб босқичлардан ўтади. Минглаб ишчилар, мутахассисларнинг машаққатли меҳнати эвазига биз хонадонимизда жўмракни бир бураб, истаганча сувдан фойдаланиш имконига эгамиз.

Мамлакатимиз ҳудудида ичимлик суви таъминотининг 42 фоизи ер ости, 58 фоизи эса ер усти сув манбаларидан ишлаб чиқарилади. “Ўзсувтаъминот” АЖ маълумотига кўра, бугунги кунда 1 м3 ичимлик сувини ишлаб чиқаришнинг ўртача таннархи 1 681 сўмни ташкил этади. Бу кўрсаткич ҳудудлар имкониятларига қараб турлича, масалан: Қорақалпоғистонда – 3 221 сўм, Сирдарё вилоятида – 2 374 сўм, Тошкент вилоятида – 1 722 сўм қилиб белгиланган.

Савол туғилиши мумкин, таннархнинг шаклланишига асосий ишлаб чиқариш харажатларидан ташқари яна қандай омиллар таъсир қилади?

Биринчидан, тарифлар сўнгги 3 йилдан буён ўзгармай келаётгани натижасида ўрта ҳисобда 40 фоизга ошган таннарх харажатлари ҳисобидан 960 млрд. сўм қопланмасдан қолган. Бу эса қўшимча қарз харажатларини келтириб чиқаради.

Сўнгги 3 йилда истеъмолчилар сони 3,2 млн. нафарга ошган. Уларга ичимлик суви етказиб бериш эса янада кўпроқ меҳнат ва харажатларни талаб этиши табиий. Бундан ташқари, сувни узоқ масофага етказиш жуда катта электр энергияси талаб этувчи насослар орқали амалга оширилади. Қолаверса, бу йил электр энергияси харажатлари ошганини ҳам эслаб ўтиш лозим.

Бунга мунтазам равишда юзага келадиган авария ҳолатларини бартараф этиш, тармоқларни жорий ва мукаммал таъмирлаш харажатларини ҳам қўшсангиз, сувни нархи қанчалик арзон эканини англаб етасиз. Демак, бугун ичимлик суви таъминоти тизимида бозор нархлари механизмларига ўтиш вақти аллақачон етиб келган.

Истеъмол учун реал нархларда пул тўлаган одам ҳеч қачон уни исроф қилмайди, сувдан хўжасизларча фойдаланмайди. Бу сув таъминоти тизимидаги корхоналарнинг иқтисодий аҳволини яхшилаш, ҳали сув етиб бормаган ҳудудларимизда янги лойиҳаларни амалга ошириш учун имконият яратади.

Бир метр3 ичимлик сув тариф харажатларида электр энергия харажатлари 27 фоизни, мукаммал ва жорий таъмирлаш харажатлари 19 фоизни, хорижий молия ташкилотларидан жалб этилган кредитларни қайтариш харажатлари 21, иш ҳақи харажатлари 29, амортизация ва бошқа харажатлари 4 фоизни ташкил этади. Таннархнинг ошишига қўшимча омиллар ҳам таъсир қилмоқда.

Айтиш жоизки, 2022-йилдан бошлаб фойдаланувчиларга ичимлик суви тармоқларини уй хўжалигигача киритиш ва 2023-йил 1 январдан бошлаб аҳолига қиёслаш муддати тугаган сув ҳисоблагичларни янгисига алмаштириш “Ўзсувтаъминот” АЖ ва ҳудудий сув таъминоти корхоналарининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бунинг учун республика бўйича 902 млрд. сўм маблағлар талаб этилади. Ушбу маблағлар бугунги кунги тариф харажатларида кўзда тутилмаган. Ичимлик ва оқова сув иншоотларини қўриқлаш хизмати тўловлари сўнгги уч йилда 6 марта ошганлиги натижасида 18,5 млрд.сўм қўшимча тўловлар келиб чиққан.

Масаланинг энг ўйлантирадиган томони шундаки, бу харажатлар 3 йил олдин тасдиқланган амалдаги тарифларда кўзда тутилмаган. Соҳа ходимларининг иш ҳақи миқдорлари эса шу даврда ўртача 1,3 млн.сўмдан 1,4 млн сўмга оширилган, холос. Республика бўйича аҳолига энг арзон тариф – Тошкент шаҳрида 1 метр3 сув учун 400 сўм, энг қиммат тариф қиймати – Навоий вилоятида 3 000 сўмни ташкил этади.

Умуман олганда, биз ҳар куни истеъмол қиладиган ичимлик суви ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Бунинг учун катта меҳнат ва харажатлар сарф қилинмоқда. Сув нархларининг бозор шартларига яқинлаштирилиши, лоақал таннархни қоплайдиган даражага етказилишини бугун даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Зеро, шундагина аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш даражасини ошириш юзасидан истиқболли лойиҳаларни ҳаётга кенг жорий этиш мумкин бўлади. Аҳолига сув адолатли нархда етказиб берилса, унинг қадри ошиб, исрофгарчилик кескин камаяди.


Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер