Аҳоли пунктлари бош режаси лойиҳалари муҳокамасида жамоатчилик иштирок этади

19:46 08 Январь 2021 Жамият
661 0

Кейинги йилларда юртимизда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашнинг замонавий бозор механизмларини жорий этиш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоялаш ҳамда инвестиция ва илғор технологияларни жалб этишга қаратилган изчил чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Аммо қурилиш соҳасидаги ишлар ҳолати ўрганилганда, бу борада муайян камчиликлар борлиги аён бўлди. Айниқса, соҳада соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш йўналишида муаммолар кўзга ташланмоқда. Бу эса қурилиш соҳасига инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шарт-шароит яратиш, тармоқ кадр­ларини профессионал тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизими самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Олий Мажлис Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлисида муҳокама этилиши режалаштирилаётган «Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексини тасдиқлаш ҳақида»ги Қонун шу каби тизимли муаммоларни бартараф этиш мақсадида ишлаб чиқилди.

Унда «аҳоли пункти», «шаҳар», «шаҳарча» ва «қишлоқ (овул)” каби объектлар турлари, шунингдек, «ўзбошимчалик билан қурилиш қилиш», «урбанизация» ва бошқа ибораларга тушунчалар ­берилмоқда. Айни чоқда шаҳарсозлик фаолияти асосий принциплари алоҳида моддада кўрсатилган бўлиб, бу аҳоли пунктлари барқарор ривожланиши ва қурилишга рухсат бериш жараёни ошкоралигини таъминлашга хизмат қилади.

Қолаверса, лойиҳа ҳужжатларини экс­пертизадан ўтказиш юзасидан янги моддалар киритилиб, экспертлар ҳуқуқи ва жавобгарлиги, жумладан, ҳар бир эксперт берган хулоса бўйича қонун олдида жавоб бериши белгиланяпти.

Бу қонуннинг янгиликлари ҳақида сўз кетганда, аҳоли пункти бош режаси лойи­ҳалари муҳокамасида жамоатчилик иштирокини таъминлаш, қурилиш жараёнига ваколатга эга бўлмаган шахсларнинг аралашувига чек қўйиш, шаҳар ва туманлар марказларида қурилиши тугалланган мавзелар, кўп қаватли тураржой микрорайонлари ҳудудларида бош режада назарда тутилмаган ишлаб чиқариш, савдо, умумий овқатланиш, сервис хизмати кўрсатиш ва бозор каби объект­ларни қуриш тақиқланаётганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш ўринлидир.

Янги таҳрирдаги кодекс ҳаётга татбиқ этилиши натижасида қуйидагиларга эришиш кутилмоқда:

- бюрократик тўсиқлар бартараф этилиб, аҳоли пунктларининг бош режаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, шаҳар чегарасини аниқлаш учун ҳуқуқий асос яратилади;

- лойиҳалаштириш, қуриш ва реконструкция ишлари юртимиз ҳамда хориждаги замонавий тажрибалар асосида олиб борилади;

- шаҳарсозлик норма ва қоидаларининг ишлаб чиқилиши тартиби, муддатлари ва уларнинг йўналишлари белгиланади ва қурилишни давлат томонидан тартибга солиш механизми йўлга қўйилади;

- соҳага жамоатчилик иштироки таъминланиши ҳисобига атроф-муҳит муҳофазаси ва аҳоли саломатлигини асрашга эришилади;

- аҳоли пунктлари архитектура қиёфасини яхшилаш ва аҳолининг турмуш даражасини кўтариш имконияти пайдо бўлади;

- соҳада шаффофлик таъминланади ва рақобат муҳити яхшиланиб, инвестициявий жозибадорлик ошади.

Шуҳрат ЧЎЛЛИЕВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?