«Агробанк” қайнотамни яқин қариндош эмас деб кафилликка қабул қилмади

23:36 18 Октябр 2021 Иқтисодиёт
1216 0

Архив сурат

Таҳририятимизга ўқувчиларимиздан биридан мурожаат келиб тушди. Уни қандай бўлса, шундайлигича эълон қилишни маъқул топдик.

“Ўзим олий маълумотлиман. Қарши давлат университетини битирганман. Иккинчи мутахассисликни эгаллаш учун шу университетнинг инглиз тили йўналиши бўйича 3-босқичда таҳсил оляпман.

«Таълим кредити» олиш мақсадида «Агробанк»нинг Қашқадарё вилоятидаги бошқармасига мурожаат қилдим. Табиийки, банк кредит ажратиш учун гаров ёки кафиллик сўрайди. Кафиллик учун қайнотам – Норбўта Ғозиевнинг иш ҳақини тақдим қилганимда банк ходимлари «Қайнотангиз яқин қариндош эмас» деб уни кафилликка қабул қилишмади.

Ҳайрон бўлдим, ахир биз бир оила аъзосимизку! Икки фарзандим, қайнотам, қайнонам, турмуш ўртоғим билан аҳил-тотув турмуш кечиряпмиз. Қайнотамнинг ойлик маоши менга ажратилиши керак бўлган 8 млн. 600 минг сўм кредитга кафилликка бемалол етади.

Яқинда «Агробанк»дан хат олдим. Унда «Таълим кредити» бўйича Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан қарз олувчиларнинг қарз юки меъёрига ўрнатилган чеклов бўйича тўлов қобилияти етарли эмаслиги сабабли кредит ажратиш рад этилди, дейилган. Ваҳоланки, қайнотамнинг ўзи бир йилда 50 млн. сўмдан зиёд маош олади. Наҳотки шунча пул 8,6 млн. сўм кредит олиш учун кафилликка ярамаса?

Банк мутасаддилари бунга нима дейди?», ёзмоқда Қарши давлат университети талабаси Мафтуна Маннонова.

«Халқ сўзи» ушбу мурожаат юзасидан иккинчи томонга ҳам минбар беришга тайёр.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?