Агар ташкилот енгил автомобилни сотиб олса, у ҚҚСни ҳисобга олиш ҳуқуқига эгами? — мутахассис жавоби

19:42 17 Август 2022 Жамият
322 0

Фото: Иллюстратив cурат

Агар ташкилот енгил автомобилни сотиб олса, у ҚҚСни ҳисобга олиш ҳуқуқига эгами? 

— Енгил автомобилни ҚҚС билан сотиб олаётган юридик шахс, ўзи томонидан бюджетга тўланиши лозим бўлган ҚҚС суммасини сотиб олинган транспорт воситаси бўйича етказиб берувчига тўланган ҚҚС суммасига камайтиришга ҳақли.

Бунинг учун солиқ тўловчи сотиб олинган автомобиль бўйича «кирувчи» ҚҚСни ҳисобга олиши мумкин.

ҚҚС барча ҳолатларда ҳам ҳисобга олинавермайди. Бунинг учун бир вақтнинг ўзида қатор шартлар бажарилиши керак:

1) ҚҚС суммаси кўрсатилган ҳисобварақ-фактуранинг мавжудлиги;

2) автомобилнинг тегишли бирламчи ҳужжатлар асосида қабул қилинганлиги;

3) сотиб олинган автомобилдан ҚҚС солинадиган операциялар бўйича фойдаланиш.

Айни шу жойда, сотиб олинган автомобиль ҚҚС солинадиган операциялар учун фойдаланилганлигига солиқ органи томонидан норозилик билдирилиши мумкин. Бироқ, автомобилни сотиб олиш тўғрисидаги шартномани тузаётганда, автомобилни сотиб олиш ва уни юридик шахс балансига қўйиш, ундан тадбиркорлик ёки бошқа даромад келтирадиган фаолиятда фойдаланишни назарда тутади, деб ҳисобланади.

Солиқ органлари қандай ҳолатларда сотиб олинган автомобиль учун ҚҚСни ҳисобга олинишини рад этишлари мумкин

Агар енгил автомобилни сотиб олиш амалга оширилаётган фаолият тури билан боғлиқ бўлмаса, Солиқ кодексининг 267-моддасига асосан ҚҚС суммаси ҳисобга олинмайди.

Солиқ тўловчида автомобиль унинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ қатновларни амалга оширишда фойдаланганлигини тасдиқловчи ҳужжатли далиллар (бирламчи ҳужжатлар) бўлиши керак. Бундай ҳужжатлар тегишли тарзда расмийлаштирилган (жўнаш ва борадиган жойлар, қайтиш вақти, босиб ўтилган масофа, ёқилғи сарфи тўғрисидаги маълумотлар) йўл варақалари бўлиши мумкин.

Солиқ тўловчининг ҳужжатларида автомобиль шахсий қатновлар учун эмас, балки компаниянинг мақсадларига эришиш учун фойдаланганлигини акс эттирувчи хўжалик ҳаёти фактлари қайд этилиши керак.

Агар солиқ тўловчи томонидан сотиб олинган енгил автомобиллар солиқ тўловчининг фаолият турига боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланилаётганлиги солиқ органи томонидан далилар билан исботланса, сотиб олиш чоғида тўланган ҚҚС суммалари ҳисобга олинмайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер