Афсонага айланган “дарахт”. Ёки битта "буханка" учун вертолётда учган футболчи ҳақида

02:26 23 Апрель 2020 Спорт
799 0

Спортга муҳаббат Роберт Левандовскига она сути орқали ўтган, десак адашмаймиз. У спортсеварлар оиласида дунёга келган. Шу туфайли ҳам Робертнинг келажакда ким бўлиши оила даврасида ҳатто муҳокама ҳам қилинмаган. Отаси Кшиштоф Польша чемпионати иккинчи лигасида тўп сурган, дзюдо бўйича мамлакат чемпионлигини қўлга киритган. Онаси Ивона эса волейболчи эди.

Роберт болалигидан чаққон ва абжир эди.Аммо аввалига ота-онаси уни қайси секцияга беришни билмай туришди. Шунда отасининг “Партизан” клуби болалар командасига тренерлик қилаётгани қўл келди. Ўғил бир йил давомида унинг кўз ўнгида машғулот ўтказди. Кейин пойтахт Варшавадаги “Варсовия” клубида футбол сирларини ўрганишга киришди. Ўтлоқсиз, қумлоқ майдон, иситилмайдиган бино, деразаси ёпилмайдиган ечиниш хонаси — бўлғуси тўпурар ана шундай шарт-шароитда ўсиб- улғайди.

2008 йилнинг баҳорига келиб Польшада Роберт Левандовски ҳақида гапира бошлашди.Баланд бўйли, техникаси юқори ҳужумчининг голлари “Знич” командасининг муваффақиятли ўйинларига асосий омил бўлди. Прушкув шаҳрига польяк топ-клубларининг скаутлари тез-тез кўриниш бера бошлашди. Бир сафар “Лех” клуби скаути билан бош тренер Франтишек Жмуда унинг ўйинини кузатгани “Знич” иштирокидаги учрашувга келди.Стадионда 15 дақиқа ўтиргач, Жмуда скаутга қарата “Сен йўлга сарфланган бензин учун менга пул тўлашинг керак. Агар мен дарахтни кўрмоқчи бўлсам, ўрмонга борган бўлардим” деди. Афтидан, Жмудага Левандовски ҳеч қандай таассурот қолдирмаган эди. Бироқ “Знич”нинг бир неча ўйинидан кейин бу тренернинг фикри ўзгарди ва ўша йилнинг ёзига келиб қаҳрамонимиз “Лех” билан шартнома тузди. Бу унга осон кечгани йўқ. Гап шундаки,Роберт болалигидан “Легия” жамоасига мухлислик қилар, айнан шу командада ўйнаш истагида эди. Лекин Жмуда қўл остида тўп суриш ҳужумчи учун жуда фойдали бўлди.У маҳоратли футболчига айланди. 2008 йилнинг ёзида командасининг УЕФА Кубоги йўлланмасини қўлга киритишига кўмаклашди. Поляк журналларидан бирининг энг умидли футболчига аталган совринига сазовор бўлди. Бир йил ўтгач эса мамлакатнинг энг кучли футболчиси деб топилди.

Жмуда қаҳрамонимизни “дарахт” деб айтганидан икки йил ўтганидан кейин Познандан Европанинг номдор клублари скаутлари қадамлари узилмай қолди. Робертни гоҳ Блэкбернга, гоҳ Роттердамга, гоҳ Генуяга кетади, деган хабарларни кун аро эшитиш мумкин эди. Бироқ Юрген Клопп билан суҳбатдан бениҳоя таъсирланган Роберт Дортмунднинг “Боруссия”сини танлади.Т ўғри, бундеслигадаги дастлабки мавсумни у мослашиш учун сарфлади. У пайтда “Боруссия”нинг олдинги чизиғида Лукас Барриос тўп сурарди. Кейинги мавсумга келиб у ўз ўрнини Левандовскига бўшатиб беришга мажбур бўлди. Бир йилдан кейин эса Европа футболининг юлдузига айланди. Чемпионлар лигасининг ярим финалида “Реал”га қарши кечган ўйинда у покерга эришди. Мадридликлар шу вақтга қадар бир футболчидан шунча тўп ўтказиб юборишмаган эди. Робертнинг “Боруссия”да узоқ қолмаслиги аниқ бўлиб қолганди. Немис футболида эса биламизки, ҳамма йўллар “Бавария”га олиб боради. Ҳужумчи мюнхенликлар сафига бориб қўшилди. Лекин Дортмунда польяк футболчисидан ўпкаланишмайди. Чунки у бу ерда бор кучини бериб ўйнаган, мухлислар меҳрини қозонган. Ҳозир “Ливерпул” устози саналган Клопп эса уни “Дортмунд учун буюк футболчи” деб атаганди.

Баъзи мутахассисларнинг фикрича, Роберт Левандовски ўзининг сермаҳсул ўйини билан 2015 йилда “Олтин тўп”га муносиб эди. ”Барселона”нинг Чемпионлар лигасидаги муваффақияти, “Реал” аъзоси Криштиану Роналдунинг тўпурарлиги бўлмаганида эҳтимолки, польяк футболчисига бу соврин бериларди ҳам.

Мутахассислар эътирофича, Левандовски позиция танлаш устасидир. У керакли пайтда керакли жойда пайдо бўлади. Тўп билан жуда яхши муомала қилади. Техникаси юқори. Агар кузатсангиз, у кўплаб голларини тўпни тўхтатмай туриб дарвозага йўллаш орқали киритади. Бу эса дарвозабонни ғафлатда қолдиришнинг энг самарали йўлидир. Қолаверса, замонавий футбол ҳужумчидан худди шундай ҳаракатни талаб қилади. Озгина ҳаяллаш имконият йўққа чиқарилгани белгиси саналади. Афсуски, миллий чемпионатимиздаги кўплаб ҳужумчилар айнан шу масалада оқсашади. Бу назаримизда футболчининг ўз устида қаттиқ ишламаслиги, бир жойда депсиниб қолиши оқибатидир.

Айтмоқчи, у болалигидан ўзига яхши таниш Анна Стачерскаяга уйланган. Анна спортнинг каратэ тури билан шуғулланади. Оилада икки фарзанд камол топмоқда. Футболчининг айтишича, хотини унинг энг яқин маслаҳатчиси. ”Бир гал турмуш ўртоғим ширинликларни камроқ ейишни, сут камроқ ичишни маслаҳат берди. Мен шунга амал қилдим ва ўзимни анча яхши ҳис эта бошладим” дейди Роберт. Бошқалардан фарқли тарзда Левандовски ўз турмуш ўртоғи билан киндик қони тўкилган она-қишлоғи Станцлевода дам олишни маъқул кўради. Баъзан шу билан боғлиқ тарзда ғалати ҳолатларга ҳам дуч келади. Бир сафар нон сотиб олиши керак бўлиб қолди. Қишлоқдан энг яқин савдо дўкони оралиғидаги масофа оз эмас, кўп эмас, 30 километр. Бошқа биров бўлганида машинага ўтирар ва бир зумда дўконга етиб оларди. Роберт эса бошқача йўл тутди. Вертолётни ижарага олди. Немис журналистлари кейин ҳисоблаб чиқишди. Бир буханка нон Левандовскига беш минг еврога тушибди. Қаҳрамонимиз эса буни парвозни хуш кўриши билан изоҳлаб қўя қолди.

Истам ИБРОҲИМОВ тайёрлади

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?