Африкада яна бир хавфли вирус тарқалди. Қурбонлар ҳам бор

19:54 18 Июль 2022 Дунё
539 0

Архив сурат

Гана кучли геморрагик иситмани келтириб чиқарувчи хавфли Марбург вируси билан боғлиқ иккита ҳолат ҳақида хабар берди. Ушбу инфекция Эбола вируси билан бир оилага тегишли. 

Ташхис тасдиқланган иккала бемор ҳам шифохонада вафот этган. Инфекция мамлакатнинг жанубий Ашанти минтақасида аниқланган. Ҳукумати вазиятни жиддий назоратда эканини, айни пайтда 98 киши қаттиқ карантинга олинганини маълум қилди.

Ушбу вирусдан ўлим даражаси 50 фоизни ташкил қилади. Аммо Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти симптомларни даволаш имкониятлари чекланган мамлакатларда бу кўрсаткич юқорироқ эканлиги ҳақида огоҳлантирган. Марбург вируси тана суюқликлари — қон, тер ва тупурик орқали юқади. Дастлабки босқичларда беморда бош ва мушакларнинг оғриғи, титроқ ва чарчоқ кузатилади.

Аммо вақт ўтиши билан симптомлар кучаяди. Жигар билан боғлиқ муаммолар кузатилиб, вазн йўқотиш, оғиз ва бурундан қон кетиши мумкин. Касаллик одатда уч ҳафта давом этади. Беморнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун жигар фаолиятини қўллаб туриш ва тана ҳароратига эътибор қаратиш лозим.

Керакли дори-дармонлар танқис бўлган мамлакатларда вирус беморларнинг ўлимига олиб келади.

Марбург вирусининг ташувчилари одатда учар тулкилар ҳисобланади. Гана ва бошқа Африка мамлакатлари маъмурлари аҳолини ушбу сутэмизувчилар яшайдиган ғорларга яқинлашмасликка ва ҳар қандай гўштни эҳтиёткорлик билан пиширишга чақирди.

Вирус биринчи марта 1967 йилда Германияда аниқланганлиги сабабли Марбург номини олган. Ўшанда у етти кишини умрига зомин бўлган. Кейин Европада у билан боғлиқ бошқа ҳолатлар кузатилмаган.

2005 йилда Анголада Марбург вирусидан 200 нафардан ортиқ одам ҳаётдан кўз юмган. Бу ҳозиргача кузатилган энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Ушбу инфекция билан зарарланиш ҳолатлари Конго, Кения, Жанубий Африка ва Угандада ҳам қайд этилган.

Марказий ва Шарқий Африка мамлакатлари Марбург вирусининг тарқалишидан энг кўп зарар кўради. Аммо у билан зарарланиш ҳолатлари жуда кам учрайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер