Афғонистон яккаланиб қолмаслиги муҳимдир — Владимир Норов

16:09 18 Октябр 2022 Сиёсат
325 0

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

Душанбе шаҳрида бўлиб ўтаётган «Терроризмга қарши кураш ва террорчилар ҳаракатланишининг олдини олиш учун чегара хавфсизлиги ва чегара назорати соҳасидаги халқаро ва минтақавий ҳамкорлик» мавзусида юқори даражадаги халқаро конференциядаги нутқида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норов қўшни Афғонистондаги вазиятга тўхталди.

Марказий Осиёнинг ривожланиш истиқболлари усбҳу давлатда тинчликни таъминлаш билан узвий боғлиқлигини таъкидланди.

Мамлакатимиз делегацияси раҳбари конференция иштирокчиларини Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон масаласига оид ташаббуслари билан таништирди.

Хусусан, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг Остона саммитида Афғонистон ҳукумати билан томонларнинг ўз мажбуриятларини босқичма-босқич бажариши тартиб-қоидасини ишлаб чиқиш ва келишиш учун юқори даражадаги халқаро музокаралар гуруҳини шакллантириш таклифига эътибор қаратилди. Ушбу механизм Афғонистон муваққат ҳукумати ва халқаро ҳамжамият томонидан мажбуриятларни бажаришнинг аниқ механизмлари, муддатлари ва шартларини аниқлаш учун амалий ва самарали платформа сифатида хизмат қилиши мумкинлиги таъкидланди.

Жорий йил июль ойида Тошкент шаҳрида Афғонистон муваққат ҳукумат делегацияси иштирокида ўтказилган халқаро конференция жаҳон ҳамжамиятининг ушбу мамлакатга нисбатан изчил ёндашувларни ишлаб чиқишдан манфаатдорлигини кўрсатди.

Афғонистоннинг яккаланб қолишига йўл қўймаслик муҳимлигини таъкидлаб, В.Норов халқаро ҳамжамиятни БМТ, халқаро молия институтлари ва донорлар кўмагида мамлакат иқтисодиётини тиклаш, уни минтақалараро иқтисодий жараёнларга интеграция қилиш, инфратузилмавий ва ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича самарали чоралар кўришга чақирди.

Ўзбекистон қўшни давлатга кўмаклашиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларга салмоқли ҳиссаси қўшмоқда. Термиз шаҳрида Халқаро транспорт-логистика хаби ташкил этилиб, БМТ тузилмалари томонидан Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатишда унинг имкониятларидан кенг фойдаланмоқдалар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ШҲТ Самарқанд саммити доирасида илгари сурилган Термиз шаҳрида Афғонистонни гуманитар қўллаб-қувватлаш бўйича махсус жамғармани ташкил этиш ташаббусини амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди. Жамғарма маблағлари ижтимоий инқирозни бартараф этиш, ёшлар учун таълим дастурлари ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилади.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари эътироф этганидек, трансминтақавий инфратузилма лойиҳалари амалга оширилиши, шу жумладан «Термиз – Мозори-Шариф – Кобул - Пешовар» темир йўлини қурилиши ҳамда БМТ кўмагида Тошкент шаҳрида Ўзаро боғлиқлик бўйича минтақалараро марказ ташкил этилиши Афғонистонни минтақавий савдо-иқтисодий алоқаларга жалб этишга кўмаклашади.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?