Афғонистон Президенти ва Покистон Бош вазири Тошкентга келади

11:48 12 Июль 2021 Сиёсат
515 0

Маълумки, 15-16 июль кунлари Тошкентда “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтади. Ушбу нуфузли анжуманда иштирок этиш учун Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон ташриф билан Ўзбекистонда келади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов журналистлар учун брифингда маълум қилди.

Ш.Асадовнинг аниқлик киритишича, Покистон Бош вазири расмий ташриф билан, Афғонистон раҳбари эса халқаро конференция доирасида амалий ташриф билан келмоқда.

Ушбу конференция, шубҳасиз, жорий ҳафтанинг энг муҳим тадбири бўлади. Унинг ишида, аввал қайд этилганидек, Афғонистон ва Покистон Президентлари, шунингдек, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти Жозеп Боррель, 20 дан зиёд мамлакат ташқи ишлар вазирлари, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда. Иштирокчиларнинг умумий сони 600 дан ортиқ.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш иштирокчиларга видеомурожаат йўллайди.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилаётган конференция Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги дўстона алоқалар, ишонч ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган.

Ялпи ва шўъба мажлисларида минтақавий боғлиқликни янада чуқурлаштириш имкониятлари, шу жумладан, савдо ва транспорт соҳаларидаги ҳамкорликнинг барқарор ўсишни таъминлашдаги ўрни, маданий-гуманитар алоқаларни қайта тиклаш орқали дўстлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, минтақавий хавфсизлик соҳасидаги таҳдид ва хатарлар муҳокама қилинади.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари Афғонистон Президенти, Покистон Бош вазири, Хитой, Россия, Ҳиндистон, Саудия Арабистони, Марказий Осиё давлатлари ва бошқа мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари, шунингдек, Европа Иттифоқи ташқи сиёсий идораси раҳбари билан икки томонлама учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?