Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт

08:39 27 Июль 2022 Сиёсат
482 0

Асосий мақсад — кўп миллатли афғон халқи ҳамда бутун дунё манфаатлари йўлида Афғонистонда барқарорлик, хавфсизлик, урушдан кейинги тикланиш ҳамда унинг минтақавий ҳамкорлик жараёнларига интеграциялашувига кўмаклашиш бўйича жаҳон ҳамжамиятининг ёндашувлари бўйича комплекс чора-тадбирлар ва таклифларни ишлаб чиқиш.

Анжуман Афғонистон бўйича «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси (2018 йил 27 март) ҳамда «Марказий ва Жанубий Осиё: ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси (2021 йил 15—16 июль)нинг мантиқий давоми бўлди.

Анжуманнинг аҳамияти ва долзарблиги, кун тартибидаги асосий масалалар, кутилаётган натижалар ҳақида «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати экспертлари фикр билдирди.

Фундаментал ёндашув  Афғонистоннинг иқтисодий тикланиши

Рустам МАҲМУДОВ, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети доценти:

— Афғонистон бўйича учинчи халқаро конференция бир неча нуқтаи назардан муҳим воқеадир. Аввало, бу тадбир Ўзбекистон Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришмамлакатни тиклаш, тинчликни мустаҳкамлаш, шунингдек, тарқоқлашган минтақавий алоқаларга қўшилиш бўйича изчил йўналишни давом эттираётганини яна бир бор кўрсатади. 2021 йил август ойида Афғонистонда вазият кескин ўзгариб, ҳокимият тепасига «Толибон» келганига қарамай, Ўзбекистоннинг стратегик мақсади ўзгаришсиз қолди.

Анжуманнинг долзарблиги Афғонистоннинг қарийб бир йил ўтиб ҳамон беқарорлик ҳолатида қолаётгани билан ҳам боғлиқ. Ҳа, «Толибон» муваққат ҳукумат тузди, куч тузилмаларини яратди, умуман олганда, мамлакатдаги вазиятни назорат қилмоқда, бироқ асосий беқарорлик оғир ижтимоий ва иқтисодий вазиятга бориб тақалмоқда.

Халқаро ҳисоб-китобларга кўра, 20 миллионга яқин афғон ёки мамлакат аҳолисининг ярми очлик ва тўйиб овқатланмаслик муаммосига дуч келмоқда, уларнинг бир неча миллионини болалар ташкил қилади. Халқаро ҳамжамият, шу жумладан Ўзбекистон ҳам вазият кенг миқёсдаги инқирозга айланиб кетмаслиги учун афғон халқига инсонпарварлик ёрдамини кўрсатмоқда. Аммо очлик муаммосини ҳал қилишнинг ўзи кўпроқ фундаментал ёндашувларни талаб қилади, уларни фақатгина Афғон ҳукумати ва халқаро ҳамжамият ҳаракатларини яқиндан мувофиқлаштириш билан амалга ошириш мумкин.

Асосий ёндашувлардан бири Афғонистоннинг иқтисодий тикланиши бўлиши керак. Бу қийин вазифа, лекин назарий жиҳатдан амалга оширилиши мумкин, чунки бу мамлакат бир неча триллион долларга тенг бўлган фойдали қазилмалар кўринишидаги кучли ресурсларга эга.

Айнан табиий ресурслар иқтисодий ўсиш драйвери, валютанинг барқарор кирими, янги иш ўринларини яратиш, аҳолининг реал даромадларини уларни минтақавий ва глобал таъминот занжирларига киритиш орқали ошириш омили бўлиши мумкин. Энг жозибадор активлар бу — мис, темир рудаси, нодир ер металлари ва литий конлари бўлиб, уларнинг истеъмоли жаҳон иқтисодиётининг янги технологик тартибга ўтиши туфайли ортиб бормоқда.

Бу салоҳиятни рўёбга чиқариш учун хорижий инвесторлар ўз технологиялари, билимлари, ишлаб чиқаришлари билан келиши учун шароит яратиш зарур, зотан, уларнинг кўпчилиги келишга тайёр. Бироқ муаммо шундаки, Афғонистонда ҳозирча халқаро миқёсда тан олинган ҳукумат йўқ ва бу табиий ресурсларни қазиб олишга кўп миллиард долларлик хорижий сармоя киритиш имкониятларини камайтиради.

Шу нуқтаи назардан, Тошкент конференцияси ишида «Толибон» делегациясининг иштирок этишини ижобий ҳодиса сифатида баҳолаш мумкин, чунки бу «Толибон» ва жаҳон ҳамжамияти ўртасидаги мулоқотда консенсусга эришиш учун яна бир қадам ташлаш имконини беради. Эслатиб ўтамиз, мулоқотларда тўсиқ бўлиб келаётган масала бу – Афғонистонда барча афғон сиёсий, этник ва диний гуруҳларини ўз ичига олган инклюзив ҳукумат яратишдир.

Тошкентдаги анжуман яна шу нуқтаи назардан аҳамиятлики, у Афғонистоннинг транспорт-транзит салоҳиятини рўёбга чиқариш бўйича лойиҳаларни кўп томонлама форматда профессионал муҳокама қилишга қўшимча туртки бўлиши мумкин. Илло, бусиз Афғонистоннинг иқтисодий тикланиши, Марказий ва Жанубий Осиёнинг ишлаб чиқариш, савдо тармоқларига қўшилиши ҳақида гапиришга ҳожат йўқ.

Энг йирик лойиҳалар қаторида, биринчи навбатда, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан «Марказий ва Жанубий Осиё: ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган халқаро конференцияда эълон қилинган «Термиз-Мозори-Шариф-Кобул-Пешовар» темир йўли лойиҳасини қайд этишимиз мумкин. Шунингдек, Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон газ қувури лойиҳасини ҳам тилга олиш ўринли. Лойиҳа Жанубий Осиёнинг ўсиб бораётган энергия тақчил бозорларига 33 миллиард куб метр туркман газини етказиб беришга қаратилган.

Агар бу лойиҳалар амалга оширилса, биз Евроосиёда янги геосиёсий, транспорт, иқтисодий ва маданий-гуманитар воқелик пайдо бўлишининг гувоҳи бўламиз, ундан барча иштирокчилар, жумладан, албатта, Афғонистон ҳам фойда кўради.

Афғонистон хавфсизлик омили сифатида

Улуғбек ҲАСАНОВ, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессори:

— Замонавий халқаро муносабатлар Марказий Осиёни ташқи дунёга қайта очилаётган минтақа ва кўп йиллардан бери азоб чекаётган афғон заминида тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишига умид уйғотувчи сифатида танитди. Афғонистон ниҳоят узоқ муддатли ички инқироздан, ижтимоий-иқтисодий вайронагарчиликдан чиқиш ва тўлақонли давлат қуришга ўтиш учун реал имкониятга эга бўлди.

Бугунги кунда Марказий Осиёнинг кўплаб давлатлари ўз сиёсатини шакллантиришга уринишларини кузатиш мумкин ва бу жараён бутун минтақа давлатларининг мавқейи мустаҳкамлангани сари аниқ чизгиларга эга бўлади. Афғонистон, биринчи навбатда, Марказий Осиё давлатлари, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Эрон ва Россия учун ташқи сиёсий манфаатларнинг энг муҳим вектори бўлиб қолмоқда.

Замонавий шароитда «Толибон» ҳукумати вакиллари билан музокаралар жараёни, айниқса, сўнгги ўн йилликларда юзага келган гуманитар тартибсизликни ва оғир иқтисодий инқирозни бартараф этиш учун шарт-шароит яратишга кўмаклашиш, жанубий қўшни билан кенг кўламли ҳамкорлик ва Афғонистоннинг барқарор сиёсий келажагини белгилаш бўйича кўп томонлама саъй-ҳаракатлар контекстида янгича аҳамият касб этмоқда. Шу сабабли Афғонистоннинг қўшни давлатлар учун доимий таҳдидлар манбаига айланишининг олдини олиш, шунингдек, барча этник ва диний гуруҳларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги иштирокини таъминлаш муҳимдир.

Минтақа давлатлари музокаралар жараёнининг анъанавий ва табиий томонлари бўлган ҳолда, Афғонистон ҳукумати вакиллари билан мувозанатли ва конструктив муносабатларни қўллаб-қувватлайди, бу эса ҳал қилувчи позицияга эга бўлган ва бундан кейин ҳам бўладиган Марказий Осиёни Евроосиё хавфсизлик тизимидаги асосий куч сифатида белгилайди.

Хусусан, буни бир қанча халқаро платформалар мисолида яққол кўриш мумкин: Афғонистон бўйича халқаро алоқа гуруҳи, «ШҲТ – Афғонистон» мулоқот гуруҳи, «Москва формати», «6+2» ва «6+3» мулоқот гуруҳлари, шунингдек, Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича турли форматдаги маслаҳат учрашувлари. 2021 йил октябрь ойи бошида Ўзбекистон расмий делегациясининг Кобулга ташрифи ва Афғонистон муваққат ҳукумати раҳбарияти ҳамда аъзолари билан ўтказилган музокараларда анча конструктив натижаларга эришилди. Янги шароитда Термиз-Мозори-Шариф-Кобул-Пешовар транс-афғон темир йўлининг геоиқтисодий салоҳияти ва имкониятларини ривожлантириш масалалари ўтган йил охиридан буён Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон сиёсий маслаҳатлашувларининг эътибор марказида бўлиб турибди.

Катта эҳтимол билан, ушбу трансминтақавий логистика лойиҳаси яқин келажакда Марказий Осиё давлатларини энг қисқа йўл бўйлаб (атиги 760 километр) боғловчи ва Қорақурум йўлагига ва ундан кейин Покистоннинг Карачи, Қосим ва Гвадар денгиз портларига олиб борадиган асосий транспорт йўналишига айланиши мумкин. Бу минтақадаги деярли барча мавжуд транзит тармоқлари узунлигини 30 фоизга қисқартиради ва йилига камида 15-20 млн тонна юк ташиш имконини беради.

Трансафғон лойиҳасининг самарадорлиги Хитойни Марказий Осиё мамлакатлари билан муқобил трансминтақавий йўналиш (433 км) бўйлаб боғлайдиган Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўли қурилиши билан боғлиқ бўлиб, бу юк ташиш ҳажмини сезиларли даражада оширади. Хитойдан Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларига юк ташишни, шунингдек, Шимолий-Жанубий ва Шарқ-Ғарбий йўлакларнинг юк айланма оқимларини сезиларли даражада фаоллаштиради.

Минтақада мулоқотнинг янги формати шаклланмоқда. Давлатлар, халқаро ташкилотлар вакиллари, экспертлар ва муваққат ҳукуматнинг расмий делегацияси Афғонистонни урушдан кейин қайта тиклаш ва мамлакатдаги гуманитар инқирозни бартараф этиш бўйича мақбул ёндашувларни топишга бел боғлаган. Зеро, БМТнинг Афғонистонга ёрдам кўрсатиш миссиясининг 2022 йил 20 июлда эълон қилинган ҳисоботига кўра, “... 2022 йилда Афғонистонда инсонпарварлик ёрдамига муҳтожлар сони 2021 йил бошидаги 18,4 миллион кишидан 24,4 миллион киши (59 фоиз аҳоли)га кўпаяди», дейилади.

Айнан шу муносабат билан «Ўзқишлоқхўжаликмаш»нинг ғалла, уруғлик, калийли ўғитлар, қишлоқ хўжалиги техникаси ва саноат маҳсулотлари етказиб беришни давом эттириш, давлатлараро темир йўл тармоқларини, Сурхон-Пули-Хумри электр узатиш линиясини, Термиз шаҳрида Ўзбекистон ҳукумати томонидан молиялаштириладиган инсонпарварлик ёрдами юкларини қабул қилиш ва тарқатиш маркази ҳамда темир йўллардан фойдаланиш ва таъмирлаш бўйича афғонистонлик мутахассис-муҳандисларни тайёрлаш ўқув марказини барпо этиш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Ушбу саъй-ҳаракатлар Афғонистоннинг давлатлар ҳамжамиятида ҳуқуқий мақомига эга бўлишига, халқаро яккаланиб қолишдан халос бўлишга ва унинг минтақавий, жаҳон сиёсий ва иқтисодий муносабатларига қўшилиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган бўлиб, бу Марказий ва Жанубий Осиёнинг бутун геосиёсий макроминтақада барқарорликни сақлашга бевосита таъсир қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер