Адолат жамият куч-қудратини белгиловчи омилдир

20:28 08 Сентябр 2021 Жамият
468 0

Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон” газетасига берган интервьюсини ўқиб чиқарканман, малакатимизнинг узоқ ўтмиш тарихидан шу кунгача босиб ўтган шонли йўли бир-бир кўз олдимда гавдаланди. Айниқса, мустақиллигимизнинг ўттиз йиллик байрами арафасида тараққиёт сари одимлаётган давлатимизнинг барча жабҳадаги ютуқлари, истиқболдаги устувор вазифалар, халқимиз азму шижоати билан амалга оширилаётган улкан бунёдкорликлари чуқур таҳлил этилгани ўқувчини ўзига жалб этади.

Мазкур суҳбатдаги воқелик ва жараёнлар мамлакатимиз тарихи, бугуни ҳамда келажагини тўлиқ қамраб олган, десак, айни ҳақиқат. Аждодларимизнинг букилмас иродаси, маънавий баркамоллиги, юксак илм-маърифати ҳам юксак тараннум этилади.

Мамлакатимз раҳбари “Янги Ўзбекистон” ғоясига алоҳида урғу берган. Чунки бугун жамиятимиздаги ҳар бир жараён янгиланаётир. Интервьюда таъкидланганидек, “Янги Ўзбекистон” ва “Учинчи Ренессанс” сўзлари ҳаётимизда ўзаро уйғун ҳамда ҳамоҳанг бўлиб янграяпти, халқимизни улуғ мақсадлар сари руҳлантиряпти.

Президентимиз бу борада батафсил тўхталиб, шундай дейди: “Янги Ўзбекистон — демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган норма ва принципларга қатъий амал қилган ҳолда, жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ҳамкорлик тамойиллари асосида ривожланадиган, пировард мақсади халқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлатдир”.

Яна бир жаҳат. Юртбошимиз бутун мамлакатимиз бўйлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар асоси бўлмиш — Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳиятини ҳам баён қилади.

Янги Ўзбекистон барпо этилар экан, жамиятимизда олиб борилаётган ислоҳотлар замирида давлатимиз раҳбари илгари сураётган адолат ҳамда шаффофлик тамойиллари тўлиқ акс этади. Негаки, бугун “инсон ҳуқуқ ва эркинликлари”, “қонун устуворлиги”, “очиқлик ва ошкоралик”, “сўз эркинлиги”, “дин ва эътиқод эркинлиги”, “жамоатчилик назорати”, “гендер тенглик”, “хусусий мулк дахлсизлиги”, “иқтисодий фаолият эркинлиги” каби демократик жамиятга хос ҳаётий заруратлар реал воқеликка айланиб бўлди.

Мамлакатимизда аҳолининг камбағалик қатлами билан жиддий шуғулланиш масаласи долзарб вазифаларимиздан бирига айланди. Барча ислоҳотда инсон манфаати, фуқароларнинг фаровон турмуш маданияти, эркин ва барқарор жамият устувор қилиб белгилангани ютуқларимизга асос бўлмоқда. Шу боис, бугун давлат идораларининг халққа яқинлашиши, ҳар бир бошқарув бўғинида адолат тамойили яққол акс этиши талаб этилаётир.

Бу бежиз эмас. Чунки адолат жамият куч-қудратини белгиловчи омилдир. Бу ҳам интервьюда батафсил ифода қилиниб, судьянинг онгида — адолат, тилида — ҳақиқат, дилида — поклик бўлиши кераклиги таъкидланди. Бундай юксак талаб ва вазифаларни теран англаган, ўз масъулиятини ҳис этадиган сенаторлар, депутатлар, ҳокимлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари масъуллари халқ дарди унинг муаммоларини бартараф этиш фикри билан яшамоқда.

Айниқса, йиллар давомида одамларни қийнаб келган коррупция, мажбурий меҳнат, болалар меҳнати, фуқароларнинг топталган ҳуқуқлари, ишсизлик, камбағаллик каби ҳолатларни бартараф этиш бугунги раҳбарларнинг кунлик вазифасига айланди.

Кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар негизида “темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”, “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш тизими татбиқ этилди.

Бугун бу механизм ўзини оқлаяпти. Жойларда, жумладан, туманимизда ҳам кўмакка муҳтож фуқароларнинг ижтимоий муаммолари шу янги услуб орқали бартараф қилинаётир.

Шу билан бирга, Президентимиз берган интервьюсида миллий қадриятларимизга узвий боғланган “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Беш муҳим ташаббус”, “Ҳар бир оила — тадбиркор”, “Ёшлар — келажагимиз” каби дастурларга алоҳида тўхталиб ўтди. Бундай қадриятларнинг эъзозланиши туфайли халқимиз пандемия шароитида бир-бири билан доимо елкадош бўлиб, меҳр-мурувват кўрсатиб, оғир кунларни ортда қолдирмоқда.

Умуман, интервьюни мутолаа қилиб, жамиятимиз бугуни ҳамда келажаги, унинг истиқболи, ёрқин келажаги тўлиқ акс этганини яна бир бор ҳис этдик. Ундаги ҳар бир тараққиётга олиб борадиган йўналишлар Ватанимиз равнақи йўлида барчамизни муносиб ҳисса қўшишга ундайди.

Улуғбек ҒАНИЕВ,
 
Чиноз тумани прокурори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?