Адоғи йўқ тўй машмашаларидан қачон қутуламиз?
Тўй – аслида халқимизнинг маънавий қиёфасини белгиловчи қадриятлардан бири, меҳр-оқибат тадбири сифатида кўрилади. Қолаверса, юртимиздаги тўкин-сочинлик, тинчлик, бирдамлик ва бағрикенглик рамзи.
Ботир Мадиёровнинг “Халқ сўзи” газетасининг 2024 йил 30 ноябрдаги онлайн нашрида эълон қилинган “Қарзга ботса ҳам тўй тўйдек бўлсинми?” сарлавҳали мақоласи мени ҳам ана шу мавзуга мурожаат қилишга ундади. Унда келтирилган тўй машмашалари, тўйдан кейинги ажралишлар, фожиали ҳолатлар бўйича келтирилган статистик маълумотлар одамнинг юрагини беихтиёр зирқиратади.
Яқинда бир танишим қўлимга таклифнома тутқазди. Унинг таниши тўй қилаётган экан. “Ахир мен уни танимасам...” десам у: “Тўй эгаси яқин ўртоғим, бирга борамиз”, деди. Раъйини қайтаргим келмади. Оғайним билан тўйхонага борганимда ёнимдагилар билан сўрашиб, ён-веримга назар ташладим. Тўйхона тўрини келин-куёв ва дўстлари эгаллашган. Тўрт томондаги сандиқдай-сандиқдай васса-карнайлардан таралаётган шовқинли мусиқа қулоқларни батанг қиларди.
Базм авжига чиққанида хонанда йигит шўх-шўх қўшиқларни бир-бирига улади, ўртада ёппасига ёшу кекса ўйинга туша бошлади. Тўйхона эгаларининг кайвониси етовида бир тўда амма-холалар, тоға-жиянлар рақс майдонига чиққанларида уларнинг устидан даста-даста пуллар сочилди. Менинг хаёлимда унсиз ва аламли фикрлар чарх урарди.
Эй биродарлар! Қаёққа қараб кетяпмиз, наҳотки, қорин қайғуси илм-маърифат туйғусидан, одобдан, ахлоқдан устун бўлса?!
Бир вақтлар Усмон Носир орзу қилган “Киприги кўксига соя солган қиз”лар қайда қолди?!
Навоий бобомиз: “Жаннат оналар оёғи остидадир” дея таърифлаган, музда ҳам гул ўстирувчи, тошда ҳам мева солдирувчи, момақалдироқни мусиқага, чақмоқни зиёга айлантирувчи миллатимиз нега тўйпараст, урфпараст, жаҳолатпараст бўлиб кетяпти?!
Қачонгача кўчаларимизни “Маърифат” дея номлаб қизларимизга Маърифат дея исм қўйиб, ўзимизни ва фарзандларимизни маърифатдан йироқ тутамиз?!
Қачонгача зиёфатни маърифатдан устун тутамиз?! Наҳотки, зиёфат билан дунёга келиб, зиёфат билан ўлсак?! Наҳотки, нафс оловига ўтин ташлаб дунёдан ўтсак?!
Яқин кунларгача ота-боболаримиз маҳаллаларни жамоатчилик асосида бошқарган. Жамоат иши учун давлатдан ҳақ сўрашни ўзига ор деб билган. Маҳалла оқсоқолининг гапи гап бўлган, тартиб-интизом бўлган. Тўй-ҳашамлар ҳаммабоп ва ҳамёнбоп бўлган. Ҳеч кимса ўзидан кетиб, ким ўзарга тўй қилмаган.
Таассуфки, давлатимиз томонидан маҳаллаларга қанчалик кўп эътибор берилаётганига, маҳалла фаолларининг шунчалик саъй-ҳаракатларига қарамай, топган-тутганимизни тўй-маъракаларга сарфлаш, исроф қилишдан тийилмаётганимиз юмшоқроқ қилиб айтганда, ношукурликдан бошқа нарса эмас. Буни қачон тушуниб етамиз?
Имомқул НУРИНОВ,
маданият ходими,
Гулистон шаҳри.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг