Адлия вазирлигининг ахбороти дастлабки тарзда эшитилди

11:12 25 Февраль 2021 Сиёсат
595 0

2021 йил 24 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сенат аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2020 йилда ҳуқуқий тарғибот ва маърифатнинг ҳолати ҳақидаги ахбороти дастлабки тарзда эшитилди.

Таъкидланганидек, Адлия органлари томонидан 2020 йил давомида телевидение ва радио орқали 11 мингдан ортиқ чиқиш қилиниб, 13 мингдан зиёд нусхада плакат, буклет ва флаерлар аҳолига тарқатилган. Барча муҳим қонунчилик ҳужжатлари бўйича комплекс тарғибот материаллари шаклида, яъни аннотация, слайд, флаер, инфографика, видеороликдан иборат 200 дан ортиқ тарғибот «пакети» тайёрланиб тегишлилиги бўйича давлат органлари ва ташкилотларига юборилган.

«Бепул ҳуқуқий маслаҳат билан ҳар бир уйга» шиори остида ҳуқуқий маслаҳат бериш тизими йўлга қўйилди. Лойиҳа доирасида

5857 та маҳалладаги 78 292 та хонадонда суҳбат ўтказилиб, уларга бепул ҳуқуқий маслаҳат, шу жумладан «Аёллар дафтари», «Темир дафтар» ва ижтимоий ҳимояга оид бошқа лойиҳалар тўғрисида маълумотлар берилди.

«Коррупция – тараққиёт кушандаси» номли иншолар танлови доирасида мактаб, ўрта-махсус ҳамда олий таълим юртларининг 17 мингдан ортиқ ўқувчи ёшлари қамраб олинди. Қолаверса, журналист ва блогерлар учун «Пандемия 2020: чақириқлар, хулосалар, оқибатлар» танлови ўтказилди.

Бундан ташқари, «Ҳуқуқий тарғиботни амалга оширишда инновацион технологияларни қўллаш» танлови илк бор ташкил қилинди.

Пандемия даврида @huquqiy_maslahatbot боти орқали фуқароларнинг 8 мингдан ортиқ саволларига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Ҳаётий муҳим масалалар юзасидан ҳуқуқий қўлланма қайта таҳрир қилиниб, 20 000 нусхада тарқатилди. 2 000 нусхада «Кўзи ожиз шахсларнинг ҳуқуқларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами» тайёрланди ва мақсадли тарқатилди.

Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган ҳуқуқий тарғибот тадбирлари мониторинги натижаларига кўра, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Давлат солиқ қўмитаси намунали деб топилди.

Шу билан бирга, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги «Ўзавиация» агентлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлигининг жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасидаги ишлари қониқарсиз деб топилди.

Шунингдек, Мактабгача таълим, Энергетика вазирликлари томонидан амалга оширилган тарғибот тадбирлари ҳақидаги маълумотлар мониторинг қилиш учун Адлия вазирлигига тақдим этилмаган, Молия вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан маълумотлар мониторинг тугаганидан сўнг кечикиб тақдим қилинган.

Бугунги кунда жамиятимизда ҳуқуқий онг ошяптими деб савол ўртага ташланса, сезиларли даражада ошяпти деб айтишга тўлиқ ҳақлимиз. Буни ижтимоий тармоқлардаги очиқ муҳокамалардан, фуқароларимизнинг ўз позициясини эркин билдира олаётганлигидан ҳам кўришимиз мумкин.

Бироқ, фуқароларимизни қизиқтираётган масалалар бўйича Халқ таълими вазирлиги, Давлат тест маркази, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан ўз вақтида ва етарлича муносабат билдирилмаяпти.

Ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича олиб борилган ишлар таҳлили соҳада қатор муаммолар мавжудлигини ҳам кўрсатмоқда. Мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва ҳуқуқий маданиятни янада юксалтириш мақсадида устувор йўналишлар ҳам белгиланди.

Хусусан, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини баҳолаш тартиби жорий этилади. Унга кўра, давлат ташкилотлари ходимлари ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича ўқитилади ҳамда ҳар уч йилда автоматлаштирилган тизим орқали ҳуқуқий саводхонлик даражаси баҳолаб борилади.

«Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази таркибида Инновацион медиа марказ ташкил этилади. Ушбу Марказ қонун ҳужжатлари мазмунини содда, халқчил тильда етказувчи замонавий ахборот-таҳлилий медиа материалларини тайёрлайди ва тарқатади.

Мажлисда кўриб чиқилган мазкур масала юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?