Адлия вазирлигида кўзи ожизлар учун ҳуқуқий тўплам тақдимоти бўлиб ўтди

14:13 10 Декабрь 2020 Жамият
604 0

2020 йил 10 декабрь куни Адлия вазирлиги ва АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда яратилган “Кўзи ожиз шахсларнинг ҳуқуқларига оид норматив- ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами” тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Маълмуот учун: республика бўйича 66 мингдан зиёд кўзи ожиз шахслар ва улар таълим олиши учун мўлжалланган 14 та мактаб-интернати мавжуд.

Адлия вазирлигининг асосий вазифаларидан бири жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишдан иборат.

Шундан келиб чиқиб, Адлия вазирлиги АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) молиявий кўмагида “Кўзи ожиз шахсларнинг ҳуқуқларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами”ни яратди. Мазкур тўпламда ушбу тоифадаги шахсларнинг қонунчиликда белгиланган шахсий, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва бошқа яна кўплаб ҳуқуқларини кафолатлайдиган нормалар  қамраб олинган.

Тўплам 2 томдан иборат бўлиб, 2 минг ададда (жами 4 минг китоб) нашр этилган ҳамда унда кўзи ожиз шахсларнинг ҳуқуқларига оид 29 та қонун ҳужжатлардаги нормалар жамланган. Унда кўз очиз шахслар учун қўлланиладиган солиқ имтиёзлари, қулай меҳнат шартлари, ижтимоий ҳимоя масалалари, шу билан бирга уларнинг ҳуқуқларини бузганлик учун жавобгарлик чоралари ўз ифодасини топган.

Тўпламнинг 1 000 нусхаси Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти ташкилот ва муассасаларига қолган 1 000 нусхаси эса таълим муассасалари, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига, Республика марказий кўзи ожизлар кутубхонасига етказилади.

Хабарингиз бор, мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилади. Уларнинг ҳуқуқлари ҳимояси борасида кўплаб меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилган ва амалиётга татбиқ этилмоқда. Имконияти чекланган ёки ногиронлиги бўлган шахслар ўзларига тегишли бўлган ҳуқуқий ахборотлар билан танишишда бироз қийинчиликка дуч келмоқда эди. Илк бора яратилган мазкур тўпламнинг Брайл алифбосида чоп этилганлиги ногиронлиги бўлган, хусусан кўриш қобилияти чекланган шахсларга ўз ҳуқуқларини ўрганишга бўлган имкониятини янада кенгайтиради.

Ушбу тўпламнинг яратилиши кўзи очиз шахсларга қонун ҳужжатларида белгиланган ўзларига тегишли бўлган ҳуқуқларини англашга ҳамда уларнинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Бу каби эзгу йўналишларда Адлия вазирлиги томонидан бир қатор лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда. Мисол тариқасида  неча йилдан бери ташкил этиб келинаётган “Биз биргамиз” хайрия акциясини келтиришимиз мумкин.    

Умуман олганда, Адлия вазирлиги бу каби хайрли ташаббусларни ҳамиша қўллаб-қуватлайди. Бу борадаги ишлар суръатини янада оширишда давом этади.                                                                                                                

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?