Адлия вазирлиги Театр арбоблари уюшмасининг хатига муносабат билдирди

15:59 11 Сентябр 2022 Жамият
546 0

Фото: Архив сурат

Ижтимоий тармоқларда «Театр арбоблари уюшмаси»нинг театр спектакли бўйича хулоса олиниши лозимлиги юзасидан давлат ташкилотларига киритган хати муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатга олувчи орган сифатида Адлия вазирлиги ушбу масала юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.

«Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддасига асосан, нодавлат нотижорат ташкилотининг давлат органлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди.

Мазкур Қонуннинг 8-моддасига мувофиқ, нодавлат нотижорат ташкилоти қонунчилик ва таъсис ҳужжатларига риоя этиши, молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ахборот билан танишиш эркинлигини таъминлаши, ўз фаолияти тўғрисида белгиланган тартибда ҳисоботлар тақдим этиши шарт.

«Театр арбоблари уюшмаси» нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан ички ишлар органлари ва Миллий гвардия бўлинмаларининг оммавий тадбир ўтказишга рухсатнома бериши билан боғлиқ муносабатларга аралашиши устав фаолиятидан четга чиқиш ва қонунчилик талабларини бузиш деб ҳисобланади.

«Театр арбоблари уюшмаси»нинг 2022 йил 7 сентябрдаги 01-02-71-сон хати қонуний кучга эга эмас.

Шунга кўра, «Театр арбоблари уюшмаси» қонунчилик ҳужжатлари бузилишига йўл қўймаслик ҳақида 2022 йил 10 сентябрь куни ёзма равишда огоҳлантирилди ва давлат ташкилотларига юборилган хатини ижродан чақириб олиш ҳақида кўрсатма берилди.

Қайд этиш лозимки, «Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида»ги Қонуннинг 31-моддасига кўра, театрлар бадиий йўналишларни, репертуарни танлашда, саҳна асарларини яратиш, оммавий ижро этиш ва (ёки) оммавий намойиш қилиш тўғрисида қарор қабул қилишда, шунингдек самарали ижодий жараённи ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун зарур бўлган, қонунчиликка зид бўлмаган бошқа фаолиятни амалга оширишда эркиндир.

Уларнинг фаолиятига аралашиш маданий фаолият соҳасидаги асосий принциплардан бири бўлган «ижодий фаолият эркинлиги»га зиддир.

Шу билан бирга, «Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида»ги Қонуннинг 20-моддасига кўра, маданий-оммавий тадбирлар ўтказилаётган вақтда миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатишга, шафқатсизлик ва зўравонликни тарғиб этишга, шунингдек, ўзга шахсларнинг ҳуқуқларини камситишга қаратилган плакатлар, тимсоллар, транспарантлардан ва бошқа ашёлардан фойдаланиш тақиқланади.

Келгусида нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан устав фаолиятидан четга чиқиш ҳолати такрорланса, жавобгарлик чоралари кўрилиши ва фаолиятини тўхтатиш юзасидан суд органларига мурожаат қилиниши ҳақида маълум қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер