Адлия вазири ахборот берди

18:48 14 Октябр 2020 Сиёсат
268 0

2020 йил 14 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Давлетовнинг «Ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш, аҳолига қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини етказиш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти эшитилди.

Қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, аҳолига қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг мазмун-моҳиятини тушунтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, янги қабул қилинган қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятини тарғиб этиш бўйича адлия органлари томонидан 520 мингга яқин ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди. Ҳудудларда, олис қишлоқ ва овулларда 133 мингта ҳуқуқий билимларни тушунтириш тадбирлари ўтказилди, уйма-уй юриб 109 мингдан ортиқ ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Қабул қилинган ҳар бир муҳим қонун ҳужжати бўйича тарғибот материаллари тўплами (инфографика, слайд, аннотация, ролик) тайёрланиб, соҳага масъул бўлган вазирлик ва идораларга ҳамда ҳудудларга юбориш амалиёти йўлга қўйилди. Қонун ҳужжатларини содда тарзда тушунтириш бўйича тайёрланган видеороликлар маҳаллий ва марказий телеканалларда мунтазам бериб бориляпти. Бундан ташқари, фуқаролар учун долзарб ва кундалик ҳаётда кўп дуч келинадиган ҳолатлар бўйича вазирлик веб-сайтида 21 та йўналишни ўз ичига олувчи алоҳида «Сўраган эдингиз» бўлими очилди ва ҳозирга қадар ушбу бўлимда жами 400 га яқин савол-жавоблар жойлаштирилди.

Вазир ахборотида қайд этилганидек, интернет тармоғида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини оширишга қаратилган, моддий аҳволидан қатъи назар, барча аҳоли қатламини бепул ҳуқуқий маслаҳат билан таъминлашни назарда тутувчи 5 та ҳуқуқий портал ишлаб чиқилди. Яқинда тадбиркорлар учун бепул ҳуқуқий маълумот ва маслаҳат оладиган “Advice for business” юридик портали ишга тушди. Бу тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишдан, яъни корхонани рўйхатдан ўтказишдан тортиб токи уни тугатишгача бўлган барча зарур маълумотларни тақдим этувчи махсус интерфаол портал ҳисобланади. Мазкур тизим орқали тадбиркорлар ўз фаолиятининг ҳар қандай босқичида дуч келаётган масаласи юзасидан тезкор равишда бепул ҳуқуқий маслаҳат ва маълумотлар олиш имкониятига эга.

Шунингдек, аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш мақсадида «Мадад» нодавлат ташкилоти ва унинг ҳудудий бюролари ташкил қилинди. Бугунги кунда 60 та туман (шаҳар)да фаолият олиб бораётган «Мадад» бюролари томонидан 12 мингга яқин саволларга бевосита жавоб берилган бўлса, “Advice.uz” ҳуқуқий ахборот портали орқали 60 мингдан ортиқ саволларга онлайн режимда жавоб берилди.

Эшитувда депутатлар соҳада амалга оширилган ишларни эътироф этиб, вазирга юртимизда имконияти чекланган шахсларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар бўйича ҳам савол бердилар.

Вазирнинг таъкидлашича, имконияти чекланган, кўзи ожиз шахсларга ўз ҳуқуқларини тушунтиришда уларга қулай бўлган усулдан фойдаланилди. Халқаро ташкилотларнинг грант маблағларини жалб қилган ҳолда кўзи ожизлар учун брайл алифбосида «Кўзи ожиз шахсларнинг ҳуқуқларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами» тайёрланди. Тўплам 2 жилддан иборат, 2 минг ададда (жами 4 минг китоб) нашр этилган ва унда кўзи ожиз шахсларнинг ҳуқуқларига оид 29 та қонун ҳужжатларидаги нормалар жамланган. Масалан, ушбу шахслар учун қўлланиладиган солиқ имтиёзлари, қулай меҳнат шартлари, ижтимоий ҳимоя масалалари, шу билан бирга уларнинг ҳуқуқларини бузганлик учун жавобгарлик чоралари ўз ифодасини топган.

Эшитувда таъкидланганидек, пандемия пайтида фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга ҳуқуқий тушунтиришлар беришнинг замонавий тизимлари яратилди. Хусусан, фуқароларнинг ҳуқуқий маслаҳатга бўлган эҳтиёжини масофавий тарзда қондириш мақсадида телеграм мессенжерида ботлар очилиб, улар орқали фуқароларнинг масофадан туриб йўллаган саволларига ҳуқуқий тушунтиришлар ва маслаҳатлар бериб борилди.

Халқ вакиллари эришилган натижаларни маъқуллаган ҳолда соҳада олиб борилаётган ишларни янада жадаллаштиришга қаратилган бир қатор тавсиялар бердилар.

Парламент эшитувида Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг ахбороти маълумот учун қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?