Абу Бакр Варроқ Термизий қабри нега бузилди?

23:05 24 Март 2021 Жамият
1465 0

2021 йилнинг 19 март куни сурхондарёлик тележурналист Сарвар Тўраев ўзининг Фейсбукдаги саҳифаси орқали «Сен ўтмишга тош отсанг, келажак сени замбаракдан ўққа тутади!» сарлавҳали пост қолдириб, буюк аллома ҳазрат Варроқ Термизийнинг қабри ва унинг атрофи текисланаётганлиги, ҳудудда тадбиркор автомашиналар турар жойи қурмоқчи бўлгани ҳақида ёзди. Бу, табиийки, ижтимоий тармоқда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Орадан бир кун ўтиб, 20 мартда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати ушбу масала юзасидан расмий муносабат билдирди. Унда маълум қилинишича, «Термиз шаҳрида фаолият кўрсатаётган “Complex Technical Services” МЧЖга «Автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш, автомобилларга сиқилган газ қуйиш компрессор станцияси ҳамда автотранспорт воситаларининг замонавий савдо мажмуаси» қуриш учун Термиз тумани «Янгиобод» маҳалласи ҳудудидаги туман захира фондидан 10 гектар яйлов ер майдони ажратилган.

Жорий йилнинг 19 март куни олиб борилган ўрганишлар давомида ўзига ажратилган ер майдонида қурилиш ишларини амалга ошириш учун МЧЖ томонидан 100 метр узоқликда жойлашган муҳофаза ҳудуднинг чегара қисмидан ўзбошимчалик билан тупроқ қазиб олиш ишлари олиб борилаётганлиги аниқланди. Эски Термиз» ҳудудидан тупроқ қазиб олиш ишлари тўхтатилган. Варроқ Термизий мақбарасига туташ ёдгорликларга қисман зиён етган. Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объекти ва унинг муҳофаза ҳудудида ноқонуний ишларни олиб боргани учун “Complex Technical Services” МЧЖга нисбатан ўрнатилган тартибда қонуний чора кўриш бўйича вилоят прокуратурасига ҳужжатлар тақдим этилган».

Афсуски, буларнинг ҳаммаси энди кеч. Ўзбошимчалик билан тупроқ олиш натижасида термизлик буюк аллома Абу Бакр Варроқ Термизий қабри йўқ қилинган. Нафақат улуғ алломанинг қабри, балки, шу ҳудуддаги қарийб 3 гектарлик эски қабристон ҳам бузилган.

Ҳокимлик расмий муносабатида яна қуйидагилар маълум қилинган: «Маълумот учун айтиш керакки, Термиз туманидаги «Қоратепа», «Фаёзтепа» «Термиз шоҳлар» саройи каби ўнлаб жаҳонга машҳур обидаларни қамраб олган «Эски Термиз» археологик ҳудудининг 500 гектарлик умумий ер майдони Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги тегишли қарори билан давлат муҳофазасига олинган.

Археологик ҳудуднинг оператив бошқариш ҳуқуқи Термиз давлат музей-қўриқхонасига топширилган бўлиб, ҳудудда қурилиш, таъмирлаш, текислаш ва бошқа ишларни амалга ошириш қатъиян ман этилган.

Милоддан аввалги IX-X асрларда яшаб, фаолият кўрсатган улуғ аллома Абу Бакр Варроқ Термизий қабри ҳам ушбу археология ёдгорлиги ҳудудида жойлашган бўлиб, Марказий Осиё халқлари тарихида муҳим ўрин эгаллайди».

Хўш, Абу Бакр Варроқ Термизий ким эди?

Манбаларда келтирилишича, Абу Бакр Варроқ Термизий диний ва дунёвий илмлар билимдони, қомусий олим Ҳаким Термизийнинг содиқ шогирди, улуғ муҳаддис Имом Термизийнинг тоғасидир.

Абу Бакр Варроқ Термизий ҳадис, калом, фиқҳ ва бошқа илмларда ҳам жуда беназир бўлган. Замонасининг шайхи, ҳозид, ҳаким ва авлиё мақомига эришган. Қуръони каримдан ташқари «Таврот» ва «Инжил»ни доимо севиб мутолаа қилган. Демакки, юнон ва яҳудий тилларини ҳам мукаммал билган.

Кўплаб муҳим манбалар қаторида Мир Алишер Навоий ўзининг «Насойим ул-муҳаббат» асарида «Абу Бакр Варроқ Термизий иккинчи табақадандур. Асли Термиздандур, қабри ҳам андадур. Абу Исо Термизийнинг тағойисидир», дея маълумот беради.

Шайх Фариддин Аттор ўзининг «Тазкират ул-авлиё» китобида Варроқ Термизий ҳақида шундай маълумотларни ёзиб қолдирган: “ ...Илм ва ҳикмат хазинаси, ҳалол ва поклик ягонаси, ҳўп соҳибкамол, муомала ва адаб бобида беназирдир».

Варроқ Термизий IX асрда Термизда туғилган ва шу ердаги мадрасаларда таҳсил олган. Умринниг охирига қадар Термизда муқим яшаган. Юксак билим ва ҳаётий тажрибаси асосида талай асарлар ёзиб қолдирган. Алломага шогирд ва издош бўлиб, кўплаб олимлар етишиб чиққан. Варроқ Термизий вафот этган санаси сифатида 907 йил қайд этилган. Термиздаги Машоҳид деган жойда дафн этилган.

Термизлик таниқли археолог олим Тўхташ Аннаевнинг бизга маълум қилишича, ҳозир бузиб ташланган қабр ва эски қабристон «Эски Термиз» ҳудудида жойлашган бўлиб, бу ерда 30 йилларга қадар кичикроқ мақбара ҳам бўлган. 80-йилларда чоп этилган машҳур тарихчи, археолог олим М.Е.Массоннинг китобида вайронавор мақбара кўриниши акс этган расм бор. Афсуски, бу жойга кейинги пайтда етарли даражада эътибор қаратилмаган. Ҳолбуки, «Эски Термиз» ҳудудиди Термиз давлат музей қўриқхонаси таркибига киритилган бўлиб, муҳофаза ишлари олиб борилмаган. Оқибатда эса...

— 2021 йилнинг январь ойидан янги лойиҳа, яъни савдо ва техник хизмат фаолиятини ташкил этиш учун Термиз туманидаги «Лимонзор» массивидаги аввал қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган яйлов, қум карьери бўлган ҳудуддан бизга ажратиб берилган 10 гектар ер майдонида қурилиш ишларини бошладик, — дейди “Comlex Tehnical Services” МЧЖ директори Мансур Мусаев. — Иш жараёнида чуқурлик жойларни тўлдириш учун ажратилган ер майдонидан чамаси 300 метр узоқликдаги, йўлларнинг асфальт қопламаси чиқиндилари ва бошқа маиший чиқиндилар тўкилган нуқтадан чиқиндилар ташиб келтирилди. Бунинг учун Сурхондарё вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳисоб рақамига 2 миллион 450 минг сўм компенсация тўловини амалга оширдик. Чиқиндилар ташиб бўлинганидан кейин тупроқ қатлам очилиши билан турли сопол парчаларига дуч келинганидан сўнг ишлар тўхтатилди. Бунга қадар мазкур ҳудуд бирор бир маданий мерос манбасига тааллуқли эканидан бехабар эдик. Чунки яқин атрофда ёки кўринарли жойларда бу ҳақдаги огоҳлантирувчи белгилар мавжуд эмас эди. Ҳудудда ҳозир ҳам кўп миқдордаги маиший чиқиндилар мавжуд. Аслида, зиёратгоҳ жойларда ҳурматда бўлиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг бурчи экани муқаддас динимизда кўрсатилган. Минг афсуски, бу жой қабристон ҳамда маданий ёдгорлик эканини биз билмаганмиз.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Милоддан аввалги IV – III асрларда катта майдонни эгаллаган Термизнинг қадимги қалъаси ўрнида аҳоли манзили бўлган. Милоддан аввалги III-II асрларга келиб Термиз Бақтрия давлатининг энг ривожланган, сиёсий, иқтисодий ва маданий марказларидан бирига айлангани тарих китобларидан бизга яхши маълум.

Асрлар оша гоҳ обод, гоҳ вайрон бўлган эски Термиз ҳудудидаги маданий иншоотларда тарихчилар, археологлар томонидан изчил ўрганилмоқда. Шундай бир шароитда ҳақли савол туғилади. Ҳозирда бу жой истаган киши бу ердан тупроқ олиши, қадимий обидаларни вайрон қилиш мумкин бўлган даражада «эгасизми»? Бу жойлар ҳукуматнинг тегишли қарори билан муҳофазага олинган экан, унинг ижроси қай даражада таъминланмоқда? Бу ҳудудда яна қандай улуғ алломалар қабри ёки маданий мерос иншоотлари бор? Уларнинг тақдиридан хавотир олмаса бўладими? Бу каби қатор саволлар ҳар кимнинг ҳам кўнглидан ўтиши табиий.

Албатта, тадбиркорлик субъектига нисбатан ўзбошимчалик билан маданий иншоот ва эски қабристонни бузгани учун ҳуқуқий баҳо берилар, у жазоланар. Аммо, лекин... Минг афсуски, бузилган эски мақбара ўрни ва бу ердаги улуғ аллома қабрини қайта тиклашнинг энди имкони йўқ.

Шундай экан, содир бўлган бу ҳодиса жуда катта огоҳлик бонги бўлиб янграши, бизни тарихни янада чуқур ўрганишга, ҳар бир маданий мерос иншоотини етарли даражада муҳофазалашга ундамоғи лозим. Токи, тарихий ёдгорликлар ҳамда улуғ аждодларимиз қабри топталмасин!

Илҳом РАҲМАТОВ, 
«Халқ сўзи» мухбири

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?