Абдураҳмонов ишда, Мирзаев навбатчи — Ҳокимлар Янги йилни қандай нишонлайди?

20:04 31 Декабрь 2020 Жамият
5689 0

Бугун 2020 йилнинг сўнгги куни, эртага эса мамлакатимизга янги 2021 йил кириб келади. Бугун, 31 декабрь барча ходимлар учун иш куни, Меҳнат кодексига кўра эса барча ходимлар ишдан бир соат аввал уйга кетишлари мумкин.

Албатта, Янги йил оилавий байрам, бу кунда барча оила аъзолари дастурхон атрофига йиғилади. Ҳарбийлар, шифокорлар, айрим давлат ташкилотларида, сменали асосда ишлайдиган инсонлар янги йилни ўз ишхонасида, хизмат вазифасини бажараётган вақтда кутиб олади.

Ҳокимлар-чи? Ўзбекистонда вилоят ҳокимлари янги йил байрамини одатда қандай кутиб олади, оила даврасидами ёки ишхонада? «Халқ сўзи» айрим ҳокимлардан бу саволларга жавоб олди.

Маълум бўлишича, Андижон вилоятида корхона-ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, жумладан, вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Янги йилни ўз иш жойида кутиб олади.

«Биз Андижон вилоятининг 3 млн. 172 минг 116 нафар аҳолиси тинчлиги, осойишталигига масъулмиз. Халқимиз байрамни кўнгилдагидек нишонлаши учун ҳамма шароитни яратиш, байрам тадбирларини кўнгилдагидек ўтказишларини таъминлаш шу куннинг энг катта вазифасидир. Шу сабаб шу куни вилоятдаги барча раҳбарлар ўз иш жойларида бўлади ва Янги йилни хизмат фаолияти давомида кутиб оладилар. Биз учун вилоятимиз аҳолисининг тан-сиҳатликда, тинчлик-хотиржамликда ўтган ҳар бир сонияси катта байрамдир!”, дейди вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов.

Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев ҳам Янги йилда ишдан чиқишга шошилмайдиганлардан экан.

Вилоят мухбиримизнинг аниқлашича, Сирдарё вилоят ҳокими Янги йил байрами куни ишхонада ўзи навбатчилик қилади, бу ҳар йили такрорланадиган ҳолат экан.

Ҳокимнинг оиласи ва фарзандлари Янги йил киришидан олдин вилоятдаги Юрт байроғи майдонига келишади, Ғофуржон Мирзаев улар билан бирга майдонни айланиб, сайр қилади. Янги йил кириш вақти ҳоким бирров уйига кириб чиқади ва яна ишга қайтади.

Навоий вилоят ҳокими Қобул Турсуновнинг ҳам байрам кунги иш тартиби одатий иш кунидек, тиғиз.

Бугун ҳам, у ҳокимликдаги кундалик қабуллардан сўнг Нурота туманидаги «Мурувват уйи»га бориб муассасада яшовчиларни янги йил байрами билан қутлаб, совғаларни топширган.

Қайтишда эса ҳоким Ғозғон шаҳрида истиқомат қилувчи иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси 96 ёшли Турсунқул ота Эргашевни байрам билан қутлашга ҳам улгурган.

Қабулига келганлар билан ҳам гаплашган.

Вилоят ҳокими куннинг, қолган қисмидаги ўз режаларини қуйидагича баён этган.

«Биз ҳар йили ака-ука, опа-сингиллар соат тўққиздан ўтиб, туғилиб вояга етган ҳовлимизга йиғиламиз. Ота-онамизни байрам билан қутлаб, кейин тарқаламиз. Бугун ҳам шундай, ҳозир ҳожи бобони табриклаб, кейин уйга қайтаман. Янги йилни оиламиз фарзандларимиз даврасида кутиб оламан.

Навоийда ҳар йили 30 мингга яқин киши Янги йилни ўз иш ўринларида кутиб олишади. Улар иши узлуксиз ташкил этилган НКМК ва «Навоий азот», «Қизилқумцемент», «Навоий ИEС» АЖлари ишчи мутахассислари ҳамда соғлиқни сақлаш муассасалари ва тинчлик, осойишталигимиз посбонларидир. Янги йил киргач, мазкур корхона ва ташкилотлар раҳбарлари билан боғланиб, байрам билан қутлаш баҳонасида вазиятдан огоҳ бўламан. Уйда қолиш ёки қолмасликни вазиятга қараб белгилайман», дейди Қобул Турсунов.

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ҳам янги йил байрами куни одатда кун давомида иш жойида бўлади. Айни дақиқаларда ҳам вилоят ҳокимлигида давлат ишлари билан банд. Навбатчилар ишининг боришини назоратга олган.

Шу ўринда бир маълумот, бугунги кунда самарқандликларни кўтаринки кайфиятда янги йилни кутиб олишлари учун шаҳарнинг аҳоли гавжум бўлган 7 та ҳудудида байрам арчалари ўрнатилган.

Мазкур арчалар атрофида 2020 йилнинг 15 декабридан 2021 йилнинг 15 январига қадар байрам тадбирлари, концерт дастурлари ва турли хил кўнгилочар томошалар намойиш этилмоқда.

Э.Турдимов тунги вақтда шаҳарнинг Кимёгарлар, Сўлим ва Фарҳод қўрғони ҳамда вилоят мусиқали драма театри биносининг олд қисми, Темирйўл вокзали, Саттепо маскани ва Қорасув массивида ўрнатилган мазкур янги йил арчаларининг барчасига шахсан бориб, аҳолининг байрам кайфияти билан қизиқади. Шунингдек, бу жойларда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда уларнинг пандемия қоидаларига риоя қилаётганлигини ўрганади.

Самарқанд вилоят ҳокимлиги axборот хизматининг маълумот беришича, вилоят ҳокими байрамда кечки пайт оила даврасида бўлишга ҳам улгуради.

Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Янги йил кириш дақиқаларида оиласи даврасида бўлади.

«Ҳар йили Мустақиллик, Наврўз ва Янги йил байрамларида Президентимиз табрикларини оилавий эшитиш одат тусига кириб қолган. Бу ҳолат кўпчиликда кузатилса керак. Шундай экан, телефон орқали бўлса ҳам самарқандлик қариндошларни табриклаб, бироз Қарши шаҳридаги ўзгаришларни кўздан кечириб, айниқса, коммунал соҳада вилоятимизда муаммо чиқмаслигига амин бўлганимдан сўнг уйга ошиқаман», дейди вилоят ҳокими.

Материал вилоят мухбирлари С.Ҳусанов, А.Шерназаров, Т.Эшбоев, А.Йўлдошев, Ф.Бозоров маълумотлари асосида тайёрланди.

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?