Абдулла Арипов Қозоғистоннинг янги Бош вазири Олжас Бектенов билан учрашди

19:29 15 Март 2024 Сиёсат
391 0

Жорий йилнинг 14-15 март кунлари Қозоғистон Республикаси Бош вазири Олжас Бектенов бошчилигидаги ҳукумат делегацияси мамлакатимизга ташриф буюрди.

Бугун, 15 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Қозоғистон Республикаси Бош вазири Олжас Бектенов бошчилигида икки мамлакат ҳукумат делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтди.

Мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурмат руҳида жадал ривожланиб бораётгани, бунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ўртасидаги дўстона ҳамда ишончли муносабатлар муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.

Давлатларимиз Раҳбарлари икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада кенгайтириш бўйича ҳукуматлар олдига аниқ вазифалар белгилаб бергани, буларни бажариш учун биргаликда барча зарур чораларни кўриш лозимлиги қайд этилди.

Учрашувда Олий даражада эришилган, шу жумладан, товар айирбошлашни ошириш, саноат кооперацияси, транспорт-логистика, энергетика, сув хўжалиги, маданий-гуманитар соҳаларидаги лойиҳаларни илгари суриш борасида эришилган келишувларнинг ижросини тўлиқ таъминлаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Икки мамлакат Бош вазирларининг ўринбосарлари ва бошқалар мазкур йўналишларда олиб борилаётган ишлар ҳолати юзасидан маълумот берди.

Қозоғистон ҳукумати делегациясининг мамлакатимизга амалий ташрифи доирасида Тошкент шаҳридаги Божхона расмийлаштируви маркази ва Технопарк фаолияти билан яқиндан танишди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер