Абдулазиз Комилов ватандошларга давлат мукофотларини топширди

22:48 19 Ноябрь 2020 Сиёсат
433 0

АҚШда амалий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов кеча ватандошимиз Саидаҳмад Арислановга «Шуҳрат» медали ва элчихонанинг биринчи котиби Фахриддин Мўминовга «Меҳр-саховат» кўкрак нишонини тантанали равишда топширди. Бу ҳақда мамлакатимизнинг Вашингтондаги элчихонаси хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 27 августдаги фармонига биноан Саидаҳмад Арисланов мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий салоҳиятини ошириш, ёш авлодни ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашга қўшган муносиб ҳиссаси, мустақиллик ғояларига садоқати, фидокорона меҳнати, ватанпарварлиги, жамоат ҳаётида фаол иштирок этиш орқали қўлга киритилган шараф ва ҳурмат учун «Шуҳрат» медали билан тақдирланган эди.

Ахборот технологияларига ихтисослашган «ASO Systems» компанияси президенти Саидаҳмад Арисланов 18 йилдан ортиқ вақт давомида АҚШда яшаб келади. У икки томонлама сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашда ҳамда турли хайрия тадбирларини ўтказишда Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари билан доимий равишда ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Хусусан, у 2019 йил 22 декабрь куни ўтказилган Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайловга АҚШда тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда фаол иштирок этди. Шунингдек, жорий йил апрель ойида мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонаси ва Бош консулхонаси ҳамда Америка қитъаси мамлакатларидаги диаспора ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилган «Биз Ўзбекистонга бефарқ эмасмиз» хайрия акциясининг бош координатори бўлди.

Пандемия даврида АҚШ ва Канададаги ватандошлар 100 минг доллардан кўпроқ пул йиғди. С.Арисланов ва бошқа юртдошларимизнинг фаол ёрдами билан ушбу маблағлар эвазига Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида коронавирусга чалинган беморларни даволаш учун 350 та кислород концентрати ва 200 та пульсоксиметр сотиб олинди.

Юртдошимиз, шунингдек, АҚШда Ўзбекистондаги кўмакка муҳтож фуқароларга ёрдам бериш учун ташкил этилган «Give to Get International Inc» хайрия фондининг фаол аъзоларидан бири ҳисобланади.

Ҳозир Саидаҳмад Арисланов Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазирлиги, шунингдек, «IT Park» билан ҳамкорликда республикамизда ахборот технологиялари соҳасида АҚШда тан олинадиган сертификатлар беришни жорий этиш лойиҳаси устида ишламоқда.

С.Арисланов Президентимиз Шавкат Мирзиёевга юксак мукофот учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси, Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси, АҚШ ва Канададаги ўзбек диаспора ташкилотлари томонидан ўтказилган «Биз Ўзбекистонга бефарқ эмасмиз" хайрия акциясини ушбу мамлакатлардаги ватандошларимизни жипслаштирганини таъкидлади. «Қисқа вақт ичида ушбу акция 100 минг доллардан кўпроқ маблағ тўплади. Унда барча диаспора ташкилотлари раҳбарлари ва фаоллари, Америка ишбилармон доиралари ва маҳаллий нодавлат ташкилотлари вакиллари, санъат ҳомийлари, олимлар ва маданият ходимлари фаол қатнашди. Ўзбекистон халқи ва Президенти менинг тимсолимда ўзбек халқининг тақдири ва соғлиғига бефарқ бўлмаган АҚШ ва Канададаги ватандошларимиз ҳамда дўстларимизнинг камтарона ҳиссасини юқори баҳолади. Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари ва Ўзбекистон халқига АҚШ ва Канададаги барча ватандошларимиз ва дўстларимиз номидан мени «Шуҳрат» медали билан тақдирлагани учун миннатдорлик билдираман», - деди Саидахад Арисланов.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?