Абдулазиз Комилов Майкл Помпео билан телефон орқали мулоқот қилди

11:52 01 Декабрь 2020 Сиёсат
179 0

2020 йилнинг 30 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ва АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ хабар берди.

Давлат котиби Ўзбекистон делегациясининг 2020 йил 16-20 ноябрь кунлари Вашингтонга амалга оширган ташрифи чоғида муваффақиятли ўтказилган сиёсий маслаҳатлашувларни олқишлади.

Ташриф давомида икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш бўйича атрофлича фикр алмашилганлиги ва амалий аҳамиятга эга келишувларга эришилганлиги қайд этилди.

М.Помпео Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистон мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, шунингдек Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар дастурини изчил қўллаб-қувватлашда собит эканлигини тасдиқлади.

Давлат департаменти раҳбари сиёсий маслаҳатлашувлар шакли Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик даражаси ва суръатини акс эттирувчи Стратегик шериклик мулоқотига ўзгарганлигининг муҳим аҳамияти ҳақида алоҳида таъкидлади.

АҚШ ва Ўзбекистон мазкур Мулоқот доирасида сиёсий, иқтисодий, гуманитар ва хавфсизлик соҳаларида янада яқинроқ ҳамкорлик қилишга интилади. Томонлар Ўзбекистонда олиб борилаётган бозор иқтисодиётига йўналтирилган сиёсат ва хусусийлаштириш жараёнлари мобайнида савдо-инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришни мақсад қилган.

Шунингдек, минтақавий ҳамкорлик, «C5+1» форматидаги ўзаро муносабатлар, Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш, ушбу мамлакатни ижтимоий-иқтисодий қайта тиклаш ва барқарорликни таъминлаш масалалари бўйича ўзаро фикр алмашилди.

Суҳбат давомида томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?