78 миллион сўмни ўзлаштирган фирибгарга суд ҳукми эълон қилинди

10:48 15 Сентябр 2021 Жамият
811 0

 

Тасаввур қилинг, сиз ишга муҳтожсиз ёки янада даромадли иш бўлса йўқ демасдингиз. Ахир, ҳамма ҳам яхши яшашни истайди, бунинг учун эса кўп пул топиш керак. Шунда сизга яхшигина таклиф билдиришса, табиийки, йўқ демайсиз. Бироқ, ҳар қандай таклифни ҳам аввал ўрганиб, кейин розилик билдириш фойдадан ҳоли эмас.

Балиқчи туманида яшовчи Орифжон Олимов (исмлар ўзгартирилган) ҳам 2014 йилдан буён Россия Федерациясида меҳнат қилади. Топиш-тутуши яхши, шекилли, анча ўзини тутиб олган. Унга кимдир ҳавас билан, кимдирҳасад билан қараши рост.

-Бизга ҳам ўргат пул топишни, -дир ёрди бир куни яқин таниши. –Россияда ишлаб, даромад ортириб, уй қурсак, тўй қилсак, деймиз.

-Бажонидил,-рози бўлди Орифжон ҳам. –Россия билан Туркия ҳамкорлигида фаолият юритувчи нефтни қайта ишлаш заводи бор. Ойлик маоши 600-700 АҚШ доллари атрофида. Турар жой, кийим-кечак, овқат текин. Ишга автобус олиб бориб, олиб келади. Хуллас, топганинг юз фоиз ўзингники. Хоҳласанг, гаплашиб бераман. Фақат, йўлкира ва бошқа ҳаражатлар учун олдиндан 400 доллар беришинг керак бўлади. Поездга чиптани ўзим олиб бераман.

Бир ойда 600 доллар даромад топишини ўйлаган ҳар қандай одам бу таклифга рози бўлади, тўғрими? Шу боис, Орифжон ҳам атрофига салкам 20 нафар ҳамюртларини йиғди. Уларнинг барчаси олдиндан пул тўлади. Ишга юбормади эмас, юборди, албатта. Бироқ, ваъдасининг устидан чиқмади.

Ҳамқишлоқлар Россияга бориб, ҳонавайрон жойдан паноҳ топдилар. Яшашга шароит йўқ. Аксига олиб иш нефтни қайта ишлаш корхонасида эмас, қурилишда экан. Ишончларига кирган Орифжон Балиқчида қолган. Ортга қайтайлик, деса чўнтаклари бўм-бўш. Шу тариқа икки ой ўтди. Бу давр орасида бирортаси иш ҳақи олмади. Ойлик маош сўраганларида эса: «Сизларнинг йўл кирангиз учун пул тўлаганман. Қолаверса, турар-жойингиз, овқатингиз пул туради. Барча ҳаражатларни ойлик маошингиз ҳисобидан тўлаяпсиз»,-деган жавобни олишди.

Хуллас, яхшигина фирибгарнинг қўлига тушиб қолган соддадил кимсалар одам савдосининг қурбони бўлишларига ҳам бир баҳя қолди. Яхшиямки, бир йўлини қилиб, уйга қайтдилар.

Андижон вилоят суди Матбуот хизматидан маълум қилишларича, жиноят ишлари бўйича Олтинкўл туман судида Орифжон Олимовнинг хатти-ҳаракатлари атрофлича ўрганиб чиқилди. Жиноятчи ўз қилмишларини тан олди ва унга нисбатан беш йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Бундан ташқари, салкам 78 миллион сўм маблағ жабрланувчилар фойдасига ундирилиши юзасидан суд қарори эълон қилинди.

Емоқнинг қусмоғи бор, қачонки, у ноҳалол луқма бўлса.

Саминжон ҲУСАНОВ,

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?