64 та туманда экспорт ўтган йилга нисбатан камайган

17:47 28 Ноябрь 2024 Сиёсат
445 0

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Ижобий натижалар билан бирга, Президент таъкидлаганидек, айрим вилоят, туман ҳокимлари, қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарлар ишни тўғри ташкил қилмагани учун маҳсулот ва экспорт ҳажмида катта ўзгариш сезилмаяпти.

Ери бошқалардан карра-карра кўп бўлган Қашқадарё, Навоий ва Тошкент вилоятларида ўсиш уларнинг имконияти ва шароитига мутлақо мос эмаслиги қайд этилди. Бухоро ва Сирдарё вилоятларининг экспорти ўтган йилги кўрсаткичга етмаяпти.

Шунингдек, 64 та туманда экспорт ўтган йилга нисбатан камайган бўлса, шундан 17 тасида 50 фоизга ҳам етмаган.

Ҳокимлар бугун дунёдаги оғир вазиятни ҳисобга олиб, ҳар куни изланиб, янги-янги имкониятлар топиб, ишга солиши шартлиги ҳақида огоҳлантирилди

Йиғилишда дала четларига экин экиш ҳолати танқидий кўриб чиқилди.

Масалан, Қорақалпоғистонда дала четидаги 2,1 минг гектар, Фарғонада 1,2 минг, Самарқандда 826, Бухорода 784, Қашқадарёда 247 гектар ерлар ишлатилмасдан ётгани кўрсатиб ўтилди.

Баъзи жойларда деҳқонларга сифатсиз уруғ сотилган, зараркунандага қарши берилаётган дорилар ҳам талабга жавоб бермайди.

Шу муносабат билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ўсимликлар карантини агентлигига ҳокимлар, экспортчи, тажрибали кластер, кооперация ва фермерлар билан биргаликда озиқ-овқат экинларининг уруғи, кўчати, дориси, ўғити бўйича ишлашнинг янги тизимини ишлаб чиқиш топширилди.

Шунингдек, дала четидан самарали фойдаланаётган тадбиркорлар ҳам кўпайиб бораётгани таъкидланди.

Масалан, Асакадаги фермер хўжалиги дала четидаги 3 гектарда 10 минг дона тут, терак ва ток экиб, беш йилдан кейин 700 миллион сўм даромад кўрган. “Самарқанд қулупнай” корхонаси Қўшработ, Жомбой, Булунғурдаги 6,5 минг аҳолига 3 миллион олча кўчатини бепул тарқатиб, дала четида эктиришни йўлга қўйди.

Йил якунигача дала четларидаги 650 минг, аҳолига берилган 364 минг гектарни экспортчи-тадбиркорларга бириктириш топширилди.

Эндиликда томорқа, ички кўчалар, дала четлари ва канал-коллекторлар атрофидаги ерларда даромадли экинлар экиш ва уларни экспорт қилишга Ўсимликлар карантини ва ҳимоя агентлиги масъул бўлиши белгиланди.

Вилоят ҳокимларидан ҳам бу борада сўров қаттиқ бўлиши қайд этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер