63 510 қути тамаки маҳсулотлари ёқиб юборилди

18:29 22 Декабрь 2022 Жамият
535 0

Мамлакатимизга сифати кафолатланмаган ва мажбурий тартибда акциз маркалари билан маркаланиши белгиланган тамаки маҳсулотларининг ноқонуний равишда ва акциз маркалари ҳамда рақамли маркировка кодлари билан маркаланмасдан олиб кирилишига божхона органлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда тизимли равишда тезкор тадбирлар ўтказиш орқали қарши кураш олиб борилмоқда.

Тезкор тадбирлар натижасида аниқланган сифатсиз тамаки маҳсулотлари суд қарори чиққунга қадар махсус омборларда вақтинча сақловга олинади.

Вазирлар Маҳкамасининг 15 июль 2009 йилдаги “Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорида ҳуқуқбузарлик далилий ашёси сифатида олинган четдан ноқонуний олиб кирилаётган ҳамда акциз маркалари билан маркаланмаган тамаки маҳсулотлари йўқ қилиниши белгиланган. Мазкур қарорда йўқ қилиш комиссияси тузилган ҳолда тамаки маҳсулотларини суд қарорига асосан йўқ қилиш тартиби белгиланган.

Навбатдаги тамаки маҳсулотларини йўқ қилиш тадбири ўтказилди. Унда ҳар бир ҳолат бўйича йўқ қилиш ашёлар комиссия аъзолари иштирокида кўздан кечирилиб саноқдан ўтказилди.

Шундан сўнг, Фарғона вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирларда қонунбузарлик ашёси сифатида олиб қўйилган ҳамда суд қарорига асосан йўқ қилиниши белгиланган умумий қиймати 538,5 миллион сўмлик 63 510 қути тамаки маҳсулотлари кенг жамоатчилик иштирокида ёқиб юборилди.

Таъкидлаш жоизки, хорижда ишлаб чиқарилган мазкур тамаки маҳсулотларининг сифати кафолатланмаган бўлиб, акциз маркалари ва рақамли маркировка кодлари билан ҳам қадоқланмаган.

Маълумот ўрнида, Фарғона вилояти божхона бошқармаси томонидан тамаки маҳсулотларининг ноқонуний олиб кирилиши ҳамда сақланишига доир жорий йилнинг 11 ойи давомида фош қилинган 42 та божхона қонун бузилиши ҳолатлари бўйича умумий қиймати 2,3 млрд. сўмлик зиёд бўлган салкам 243,7 минг қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний олиб кирилиши ва яширин айланмасига чек қўйилди. Ушбу тамаки маҳсулотлари ҳам босқичма-босқич суд қарорига асосан йўқ қилинади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?