600 га яқин мурожаатлар: бу яхши кўрсаткичми ёки ёмон?

09:55 28 Март 2024 Жамият
172 0

Жорий йилнинг шу даврига қадар ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятида аҳоли кайфияти ва давлат идораларига бўлган муносабатга доир 600 га яқин мурожаатлар эълон қилинган. Уларнинг мазмуни нималардан иборат?

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш марказининг Андижон вилоят ҳудудий бўлинмаси томонидан ташкил этилган давра суҳбатида шу каби саволларга жавоб олдик.

— Бугун фуқароларнинг ҳуқуқий билимлари анча шаклланган, — дейди бўлинма раҳбари Фарҳодбек Отахонов. — Аввал улар шахсий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида мурожаат йўллашган бўлса, кейинги йилларда жамоатчилик фикрини намоён этувчи, аҳоли манфаатларига хизмат қилувчи сўровлар юборишмоқда. Бунинг натижасида ҳудудларда ечимини кутиб турган муаммолар барҳам топяпти. Ҳамюртларимизнинг ижтимоий тармоқ ёки ОАВ орқали мурожаат йўллашлари ижобий ҳолат. Сабаби қаердаки мурожаатлар ечим топса, ўша жойда уларнинг кўрсаткичи ортаверади. Боиси, фуқароларда давлат идоралари томонидан сўровларга нисбатан бефарқлик мавжуд эмаслигига ишончнинг ифодаси бу.

«Демократик ислоҳотлар жараёнларида давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигининг долзарб масалалари» мавзусига бағишланган ушбу тадбирда бўлинма томонидан ижтимоий-сиёсий, мафкуравий ва социал-иқтисодий жараёнларни мониторинг қилиш, сиёсий институтлар, кўппартиявийлик ва сайлов тизими ривожланиши муаммоларини ўрганиш, маҳаллий вакиллик ҳокимияти органларининг маҳаллий давлат ҳокимияти ижро органлари билан ҳамкорлиги каби ўнлаб мавзуларда олиб борилган ишлар таҳлил қилинди.

Амалга оширилган ишларнинг ижобий самарасига эришишда эса жаҳон тажрибасини оммалаштиришнинг аҳамияти катта бўлди.

— Бунинг учун сўнгги уч ой ичида ўнга яқин хорижий давлатлардаги 50 дан ортиқ сиёсий институтлар фаолиятини ўргандик, — дейди Ф. Отахонов. — Бу вилоятда фаолият юритаётган сиёсий партиялар, уларнинг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари фаолиятини таҳлил қилишда қўл келди. Натижада депутатлар фаолиятига оид босма ҳамда электрон ОАВда жами 64 та ахборот эълон қилинди. Маҳаллий Кенгашларда ўтказилган 17 та сессияда партия гуруҳлари ташаббуси билан 4 та қарор қабул қилинди.

Давра суҳбати давомида ҳолатнинг келиб чиқиш сабаблари, ечим ва натижасига доир масалалар юзасидан ўзаро фикрлар алмашилди.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?