6 январь куни Сенатнинг ўн биринчи ялпи мажлиси чақирилади

19:45 30 Декабрь 2020 Жамият
606 0

2020 йил 30 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

Сенат Раиси давлатимиз раҳбарининг парламентга йўллаган Мурожаатномасида барча соҳалар қамраб олинганлиги, ҳар бир йўналиш бўйича вазифалар аниқ белгиланганини таъкидлади. Мазкур вазифалар негизида ижтимоий масалалар халқнинг фаровонлигини таъминлаш, аҳолининг муаммоларини зудлик билан бартараф этиш, ёшларни қўллаб-қувватлаш ётади. 2021 йилни “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб номлаш таклифи халқимиз томонидан иштиёқ билан кутиб олинди.

Бугунги кунда аҳолининг 60 фоизини ёшлар ташкил этади, шунинг учун уларнинг саломатлиги, камолоти, тарбияси ва таълим олишига катта эътибор берилмоқда. Мурожаатномада комплекс ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига тўхталиб ўтилди. Биринчи марта ногиронлиги бўлган болаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга алоҳида аҳамият қаратилди.

Қолаверса, халқ билан мулоқот ва жамоатчилик билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш бўйича вазифалар қайд этилди. Ушбу йўналишда аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни ҳал қилишнинг самарали тизимини яратиш, ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, хотин-қизларни, шу жумладан мураккаб ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёлларни манзилли қўллаб-қувватлаш ва иш билан таъминлашга кўмаклашиш, шунингдек, гендер тенгликни таъминлаш бўйича вазифалар ижроси устидан парламент назоратини кучайтиришга доир чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлисини 2021 йил 6 январь куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?