6 нафар ёш олим 400 млн сўмлик мукофотни қўлга киритди

23:45 05 Март 2021 Жамият
605 0

5 март куни Инновацион ривожланиш вазирлигида Scopus маълумотлар базасидаги 4 та фан – математика, геология, биология ва кимё йўналишлари бўйича энг юқори Хирш индексига эга ёш олимларни мукофотлаш маросими ўтказилди. Тадбирда Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Дилором Тошмуҳамедова, Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов, ёш олимлар, тадқиқотчилар, Ёшлар академияси аъзолари, ОТМ проректорлари иштирок этдилар.

Давлатимиз раҳбарининг иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги топшириқларини бажариш мақсадида “Scopus” халқаро илмий маълумотлар базасининг 2020 йил якунлари бўйича математика, биология, кимё ва геология фанлари бўйича бир нафардан энг юқори Хирш индексига эришган 40 ёшгача бўлган ёш олимларни 100 млн. сўм миқдоридаги бир марталик пул маблағлари билан мукофотлаш белгиланган бўлиб, мукофот билан 6 нафар ёш тадқиқотчи тақдирланди. Ёш олимларни мукофотлаш шаффофлик ва ошкоралик тамойиллари асосида ташкил этилиши мақсадида “Scopus” базаси асосчиси бўлган Нидерландиянинг “Elsevier” ахборот-таҳлил компанияси билан ҳамкорлик ўрнатилди. Келишувга асосан компания Ўзбекистонда фаолият юритаётган ёш олимларнинг 2020 йил охири ҳолатига кўра Хирш индекси тўғрисидаги маълумотларни тақдим этди.

Мана шу маълумотларга асосланган ҳолда математика йўналишида илмий изланишлар олиб бораётган Аброр Худойбердиев (H-индекс — 9) 100 млн. сўм, кимё бўйича Обид Турсунов (H-индекс — 14) 100 млн. сўм маблағ билан тақдирланди. Биология соҳасида илмий ишлари самарадорлиги юқори деб топилган Улуғбек Абдуфаттаев (H-индекс — 6) ва Тоҳир Бозоров (H-индекс — 6) 50 млн. сўмдан пул мукофоти олдилар. Геология йўналишида эса Шамшодбек Акмалов (H-индекс — 5) ва Элёр Тошматов (H-индекс – 6) ғолиб деб топилиб, уларнинг ҳам ҳар бирига 50 млн. сўмдан мукофот топширилди.

– Бугун 6 нафар олим тақдирланди, бу Ўзбекистондаги энг катта Хирш индексига эга ёш олимлардир, – деди инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов. — Биология ва геология йўналишларида икки нафар тадқиқотчининг иқтибослари сони тенг бўлиб қолгани сабабли дунё тажрибасидан келиб чиқиб, мукофотни тенг иккига бўлиб тақдим этилди. Мазкур мукофотлаш энди анъанага айланади ва ҳар йили мукофотланадиган йўналишлар сони кўпайиб бораверади. Жорий йил натижаларига кўра, мана шу тўртта йўналишга қўшимча тарзда яна физика фани ва инглиз тили соҳасида тадқиқот олиб бораётган ёш олимлар мукофотланадилар. Йилдан йилга мукофотланадиганлар сони ҳам ошиб бораверади.

Сўнгги 2-3 йиллик ривожланиш тенденциясини кўрадиган бўлсак, юртимизда илм-фан билан шуғулланиш ва илмий ишланмаларни тижоратлаштиришдан манфаатдорлик пайдо бўлди. Мазкур мукофот ҳам илмий ишлар билан шуғулланиш орқали катта ютуқларга эришиш мумкинлигининг бир исботидир.

«Scopus» – дунёнинг энг нуфузли илмий-таҳлилий рейтинг платформаларидан бири ҳисобланади. Ундан ўрин олиш учун илмий мақола ёзиш талаб этилади. Рейтингда ўсиш учун мазкур илмий мақолага ҳавола берилиши, олимлар ўз маърузаларида уни тилга олишлари керак. Мақолага ҳавола берилиши унинг илмий ҳамжамият учун ҳақиқатда муҳим эканини билдиради. «Хирш индекси» эса олимларнинг илмий фаолияти натижадорлигини ҳисоблаш кўрсаткичидир. Мазкур индекс олим, илмий ташкилот ёки мамлакатнинг нашр этилган мақолалари ва унга кўрсатилган иқтибослар сонига асосланади. Индексни ҳисоблашда тадқиқотчининг илмий мақолаларини ҳар бир мақола бўйича иқтибосларга тақсимлаш асосида ҳисобланади.

Мазкур тантанали тадбир доирасида, шунингдек, ёш олима аёллар Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан сертификат ва совғалар билан тақдирландилар. Олий таълим муассасаларидаги илмий ишлар ва инновациялар бўйича аёл проректорларига ҳам байрам муносабати билан эсдалик совғалари топширилди. Бундан ташқари, ёш иқтидор эгаларига Ёшлар академиясининг аъзолик сертификатлари берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?