45 дақиқа дарс давомида ёпиқ синфда дарс ўтишда, айниқса, ўқувчилар орасида касалланганлар бўлса вирус юкламаси ортмайдими?

12:16 03 Сентябр 2020 Жамият
852 0

Ушбу саволга бугун АОКА ҳузуридаги штабда бўлиб ўтган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева жавоб қайтарди:

— Энг аввало, ҳар бир ота-она шуни тушуниши керакки, бола ва ўзлари учун энг хавфсиз муҳит - бу хонадон ҳисобланади. Уйдан ташқарига чиқдингизми, касаллик юқтириб олиш хавфи юқори бўлади.

Мактабларга тўхталадиган бўлсак, ўқишга борган болалар сони кўпроқ бўлади, бизга маълумки, уйдан ташқарида 2-3 кишидан ортиқ одамлар бўлса касаллик юқтириб олиш хавфи юқори.

ССВ томонидан мактабларда болаларни хавфсиз таълим олиши учун белгиланган талаблар:

— синфларда дарс ўтиш жараёнида болалар ниқобларда бўлиши;

— ниқоблар ҳар 2-3 соатда алмаштирилиши;

— болалар орасида 2 метрдан ортиқ масофани сақлаш;

— қўлларни совунлаб ювиш ёки антисептик воситалар билан ишлов бериш имкониятини яратилиши шарт.

Агар болаларнинг оилаларида касалланган бемор бўлса, бундай ҳолатда улар касаллик ташувчиси бўлиши мумкин.

Бир синфда ўтирган болалар 45 дақиқа дарс давомида, кун бўйи 3-4 та фан ўтилса, албатта, вирус юкламаси кўпайиши мумкин.

Бундай ҳолатларда хоналар кунига 3-4 мартадан кўп шамоллатилиши керак.

Ҳар кун якунида хоналар ва йўлаклар дезинфекция воситалари қўшилган эритмалар билан дезинфекцияланади.

Агар болаларнинг барчаси белгиланган санитария қоидаларига риоя қилишса вирус юкламаси камаяди.

Шунингдек, мактабда ёки уйга келиши билан имкон қадар тез-тез томоқ чайиб турилса – вирус юкламаси янада камайиши мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?