400 нафардан ортиқ ёш полвонлар мамлакат чемпионлиги учун куч синашмоқда

15:57 05 Апрель 2021 Спорт
424 0

Жорий йилнинг 4 апрель куни Фарғона вилояти, Фарғона туманининг Чимён шаҳарчасидаги 2- сонли болалар-ўсмирлар спорт мактабида Бел олиш ва уч кураш бўйича 2006-2007 йилларда туғилган ўғил болалар ва қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Бел олиш ва уч кураш ассоциациясининг йиллик тақвим-режасидан жой олган мазкур мамлакат чемпионатида иштирок этиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан 400 нафардан ортиқ ёш полвонлар иштирок этишмоқда.

4 апрель куни шунингдек, мусобақанинг тантанали очилиш маросими ҳам ташкил этилди. Маросимда сўз олган Фарғона тумани ҳокими ўринбосари Илҳом Тошпўлатов, Бел олиш ва уч кураш ассоциацияси бош котиби Носир Азизовлар барча спортчиларга тилади. Тадбир доирасида Фарғона туман ҳокимлигига Бел олиш ва уч кураш ассоциацияси томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилган бўлса, Бел олиш ва уч кураш бўйича Фарғона вилоят ҳудудий ассоциацияси томонидан ҳам 2-3 апрель кунлари ўқув-семинарда иштирок этган ҳакамлар ва мураббийлар учун эсдалик совғалари улашилди.

Регламентга мувофиқ, Бел олиш ва уч курашнинг яктакли йўналиши бўйича беллашувлар 6 апрелга қадар давом этади. 7 апрелдан эса уч кураш бўйича мусобақага старт берилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?