34,2 минг қути тамаки маҳсулотлари йўқ қилинди

15:11 24 Ноябрь 2022 Жамият
307 0

Пойтахтимизнинг Янгиҳаёт туманидаги заводлардан бирида давлат божхона хизмати органлари томонидан ноқонуний муомаладан олиб қўйилган тамаки маҳсулотларини кенг жамоатчилик иштирокида йўқ қилиш бўйича навбатдаги тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Давлат божхона қўмитасининг масъул раҳбар ва ходимлари, Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Санитария-эпидемиологик ва жамоат саломатлиги бошқармаси, Мажбурий ижро бюроси шаҳар бошқармаси ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Дастлаб Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти божхона бошқармаларининг тезкор тузилмалари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда жорий йилда аниқланган 4 та ҳолатда ноқонуний муомаладан олиб қўйилган ва суд ҳукмига кўра йўқ қилиши белгиланган, қиймати 297,4 миллион сўмлик 34,2 минг қути тамаки маҳсулотлари жамоатчилик гувоҳлигида ёқиб юборилди.

Ушбу тамаки маҳсулотлари қуйидаги божхона қонунбузилиши ҳолатларида ноқонуний муомаладан олиб қўйилиб, суд ҳукмига қадар вақтинча сақловга олинган эди. Жумладан, 2022 йил 30 март куни олдиндан кузатувга олинган шахс бошқарувидаги юк автотранспорт воситаси Зангиота тумани ҳудудида тўхтатилиб кўздан кечирилганида, юкхонада хорижда ишлаб чиқарилган ва рақамли маркировка кодларига эга бўлмаган, қиймати 63 млн. сўмлик 7 минг қути тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланди.

Жорий йилнинг 20 ва 27 апрель кунлари пойтахтимизнинг Чилонзор туманида ўтказилган тезкор тадбирларда аввалдан кузатувга олинган шахслардан бири муқаддам ноқонуний йўллар билан олиб кирилган ва сифати кафолатланмаган, қиймати 82,1 млн. сўмлик 8,6 минг қути, яна бир шахс эса 61,3 млн. сўмлик 5,6 минг қути тамаки маҳсулотларини юк машиналарига ортаётган вақтида тўхтатиб қолинди.

21 июль куни Тошкент вилояти божхоначилари томонидан аниқланган навбатдаги ҳолатда эса божхона ходимларини чалғитиш мақсадида қиймати 91 млн. сўмлик 4 турдаги 13 минг қути тамаки маҳсулотлари юк машинасидаги ёғоч эшик ромлари орасига яширилгани фош қилинди.

Тамаки маҳсулотларини йўқ қилиш тадбири доирасида журналистлар ва блогерлар учун брифинг ҳам ташкил қилинди.

Брифингда Давлат божхона қўмитасининг Суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси бошлиғи Акрамжон Аҳлимирзаев, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бошлиғи Толибжон Саидов ва бошқалар иштирок этди.

Унда маълум қилинишича, шу йилнинг 22 ноябрь ҳолатига кўра, республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи турли идоралар билан ҳамкорликда аниқланган 314 та (2021 йилнинг шу даврида 128 та ҳолат) ҳуқуқбузарлик ҳолатларида қиймати салкам 19,2 миллиард сўмлик (2021 йилнинг шу даврида 17,5 млрд. сўм) 1 миллион 578 минг 346 қути (2021 йилнинг шу даврида 1 449 305 қути) тамаки маҳсулотлари ушлаб қолинган.

Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан солиштирилганда, ушлаб қолинган тамаки маҳсулотлари 9 фоизга кўпайган. Аниқланган ҳолатларининг 71 таси бўйича жиноят ишлари қўзғатилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?