310 ёшли Туронтут

14:14 10 Май 2021 Жамият
438 0

Ғиждувон туманидаги Қутчилик қишлоғида истиқомат қилувчи Саид Шарипов хонадонига келган киши эътиборини ҳовлида савлат тўкиб турган тут тортиши тайин. Хонадон соҳибларининг айтишларига қараганда, у 310 ёшда.

— Тасодифан шу қишлоққа йўлим тушди-ю, қадимий тутни томоша қилиш истаги туғилди, — дейди ҳамкасбимиз, меҳнат фахрийси Мурод Маҳмудов. — Бу дарахт уч аср муқаддам Саид аканинг бобокалони Кўчанг ота томонидан ўтқазилган экан. Кейин тутни парвариш қилиш навбати унинг ўғли Эшод бобога ўтган. Эшод бободан сўнг унинг фарзанди Тугал ота, кейин эса Шариф ота бу тутни парваришлаб, асраб-авайлашган.

Қаранг, уч аср давомида бир тут бутун бошли авлод учун ўзига хос тимсолга айланиб улгурди.

Шу давр мобайнида бу қадимий дарахт не-не кечмишлар гувоҳи бўлмади, не-не жонларга оро кирмади, дейсиз. Айниқса, Иккинчи жаҳон уруши йилларида у нафақат Шариповлар хонадони аъзолари, балки қўни – қўшниларнинг ҳам паноҳига айланди. Очарчилик, қаҳатчиликда мевасидан қишлоқ аҳли баҳраманд бўлди. Момолар тутмайиз қилишди. Мевасидан шинни тайёрлашди. Барги ипак қуртига озуқа сифатида ишлатилди. Қуриган шох-шаббаси ўчоқ-андирга яради.

Айтмоқчи, 100 йил умр кўрган Шариф ота бу дарахтга яхши ният билан Туронтут дея ном берган экан. Отахон шу йўсинда кўҳна Турон заминда яшовчи турли миллату элатларнинг илдизи бирлигига, улар аҳил ва тотув яшаши кераклигига ишора қилган бўлса ажаб эмас.

Бўйи 12 метрдан ошадиган, танасининг йўғонлиги тўрт метр бўлган Туронтутнинг ҳозир тўртта шохи яхши сақланган. Жазирама ёзда остидаги сўрига ўтирсангиз беминнат соясидан танингиз яйрайди.

Шу кунларда эса Шариповлар сулоласининг энг кенжа вакиллари-болажонлар, қўни-қўшниларнинг ўғил-қизлари Туронтутнинг остидан нари кетишмаяпти. Марвариддай товланиб турган тут мевасидан ейишгани- ейишган. Кексаларнинг қўли эса дуода. Негаки, Яратганнинг ўзи бизни тут пишиғига етказди. Қолаверса, халқимиз топиб айтган: Бир йил тут эккан минг йил гавҳар теради.

Истам ИБРОҲИМОВ,
(«Халқ сўзи»)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?